Айрим давлат ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот борасидаги ишлари қониқарсиз эканлиги қайд этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти дастлабки тарзда эшитилди.
Ўтган давр мобайнида Адлия вазирлиги томонидан 450 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилгани таъкидланди

Давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолиятини баҳолашда қоғозбозликнинг олдини олиш мақсадида  “htb.huquqiyportal.uz” ишга туширилиб, давлат органлари ва ташкилотларининг тарғибот фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилиб, бугунги давр талабларига мослаштирилганлиги қайд этилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг 14 мингга яқин ходимлари онлайн ўқитилган.

Аҳолининг кенг қатлами учун kurslar.huquqiyportal.uz портали орқали бир қатор йўналишларда (хотин-қизлар ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқи, никоҳ ва оилавий муносабатлар, тадбиркорлик ва бизнес юритиш, ипотека кредити) онлайн ҳуқуқий курслар ташкил қилинган.

“Ватан тақдири – менинг тақдиримда” мавзусида 2 млн ёшларни қамраб олган семинар-тренинглар ўтказилган.

Мустақиллининг 30 йиллиги арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши, “Мустақиллик – ҳуқуқ демакдир” мавзусида ижодий танлов, давлат тили байрами арафасида “Эзгу амал” хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда “Давлат тили – миллат ғурури” шиори остида марафон ташкил этилган.

Барча ҳудудларда “Адлия сайиллари” ҳуқуқий флешмоб ва акциялари ўтказилган.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мониторинги натижаларига кўра Ички ишлар вазирлиги (95,4 балл), Мудофаа вазирлиги (73,8 балл), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (73,5 балл) намунали деб топилди.

Шу билан бирга, Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишлари қониқарсиз деб топилди.

Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Энергетика вазирлиги, Кинематография агентлиги томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар мониторинг қилиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилмаган.

Бугунги кунда жамиятимизда ҳуқуқий онг сезиларли даражада ошяпти. Буни ижтимоий тармоқлардаги очиқ муҳокамалардан, фуқароларимизнинг ўз позициясини эркин билдира олаётганлигидан ҳам кўриш мумкин.

Муҳокамада сенаторлар томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, аввало, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимларини кучайтириш кераклиги ва улар аҳолига ўрнак бўлиши кераклиги таъкидланди.

Давлат хизматчилари аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш жараёнида ўзлари ҳам замон ва ислоҳотлар талабларига мос бўлишлари, ўз фаолиятини такомиллаштириши ҳамда жамиятнинг талабини қондиришга тайёр бўлишлари зарур.

Муҳокамалар жараёнида келгусида амалга ошириладиган устувор режалар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини такомиллаштириш зарурлиги белгиланди.

Мажлис якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan