Парламентлараро Иттифоқнинг Дубайдаги йиғилишида Ўзбекистон вакили иштирок этади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

26-27 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Ижроия қўмита йиғилишида жорий йилда ўтказиладиган Парламентлараро Иттифоқнинг 144-Ассамблеяси кун тартиби билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади. Жумладан, 144-Ассамблеяга тайёргарликнинг бориши, Парламентлараро Иттифоқнинг БМТдаги сиёсий лойиҳаси, очиқлик ҳисоботига риоя этиш ҳолати, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Коммуникация стратегиясининг дастлабки лойиҳаси кўриб чиқилади.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг таклифига кўра, ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этади. А.Саидов 2020 йилдан буён Парламентлараро Иттифоқнинг Вице-президенти ҳисобланади.

Маълумот учун: Парламентлараро Иттифоқ 1889 йилда ташкил этилган. Ҳозирги вақтда 179 та мамлакат парламенти мазкур нуфузли парламентлараро ташкилотга аъзодир.

Парламентлараро Иттифоқ БМТ билан яқиндан ҳамкорликда ишлайди. Парламентлараро Иттифоққа БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи ташкилот мақоми берилган.

Ўзбекистон 2017 йил октябрида Парламентлараро Иттифоққа аъзо бўлган ва унинг 138-141-Ассамблеяларида иштирок этган. Хусусан,  Парламентлараро Иттифоқнинг 2019 йил 18 октябрда бўлиб ўтган 141-Ассамблеясида Евроосиё гуруҳидан – Ўзбекистон парламенти намоёндаси A.Саидов Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзоси этиб сайланган.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan