Жорий йил 25 февраль куни Олий Мажлис Сенатида “Ўзбекистонда тиббиёт психологиясининг долзарб муаммолари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмиталари аъзолари, ЮНИСЕФ ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ходимлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қўмита эксперт гуруҳи аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда Тараққиёт стратегиясининг еттита устувор йўналишидан бири этиб адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш белгиланган. Бунда соғлиқни сақлаш тизими олдидаги устувор вазифа сифатида аҳолининг физиологик ва руҳий саломатлигини таъминлашни такомиллаштиришга қаратилган ишлар ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.
Тадбир иштирокчилари ушбу соҳадаги муаммолар ва истиқболдаги вазифалар, даволаш-профилактика муассасаларида тиббий психология ҳолати, олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлаш, бугунги кунда суицидлар сабаблари, соҳани ривожлантиришда давлат бошқарувининг роли ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, тиббий психологиянинг бирламчи тиббий ёрдамдаги ўрнини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда тизимда кузатилаётган айрим муаммолар ўз ечимини кутмоқда.
Тадбир иштирокчилари республикада соҳани ривожлантириш мақсадида илғор хорижий тажрибани қўллаш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб ўз таклифларини берди.
Давра суҳбати якунида тиббиёт психологиясини республикада янада ривожлантиришга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.
www.senat.uz