Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун қулай минтақавий майдон – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Мамлакатимиз иқтисодиётини янги босқичга кўтариш ва унинг рақобатбардошлигини таъминлашда халқаро иқтисодий муносабатлар муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, турли халқаро ташкилотлар доирасида минтақадаги қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли, ишончга асосланган ҳамкорлик, ташқи сиёсатимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб келган.

Ана шундай ташкилотлардан бири – шубҳасиз Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳисобланади. Ушбу ташкилот аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади ташкилотга аъзо бўлган давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни, шу жумладан, савдо-сотиқни кенгайтириш, ҳар бир аъзо давлатда иқтисодий ўсиш ва аҳолининг турмуш даражасини кўтариш учун шарт-шароитлар яратиш ва аъзо давлатларнинг маънавий ва маданий алокаларини кучайтиришдан иборат.

Ўзбекистон мазкур ташкилотга 1992 йилда аъзо бўлган бўлиб, бугунги кунгача ташкилот доирасида фаол иштирок этиб келмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари мазкур ташкилотнинг видеоанжуман шаклида ўтказилган 14-сессиясида нутқ сўзлади. Юртбошимиз ўз нутқида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳудуди – бу тарихи, дини, маданияти ва қадриятлари муштарак, улкан имкониятларга эга бўлган умумий минтақа эканлигини, пандемия шароитига қарамасдан ташкилот самарали фаолият юритаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Эътиборли жиҳати давлатимиз раҳбари “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – 2025” дастурининг асосий йўналишлари бўйича кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш мақсадида муҳим бўлган саккизта таклифни илгари сурди.

Биргина ташкилот доирасидаги давлатлар ўртасида маблағлар, товарлар ва хизматлар эркин айланишини таъминлаш, банклараро алоқаларни ва молиялаштиришни кенгайтириш мақсадида мамлакатлар банклари иштирокида халқаро Банк-молия Форумини ўтказиш таклифи минтақадаги давлатлар банк-молия сектори учун ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилинишига кўмак беради.

Ушбу таклифларнинг рўёбга чиқарилиши орқали ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳити, савдо ва транспорт-коммуникация алоқаларини янада ривожлантирилишига эришилади.

 

Р.Сайидов,
 Иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида
 тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan