Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Т.Нарбаева олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-67-сонли қарори билан тасдиқланган қатор амалий ҳаракатлар режалари (“йўл хариталари”) ижросининг бориши  муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида салмоқли икки томонлама ўзаро манфаатли бўлган келишувларга эришилди.

Хусусан, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг  фойдаланган ҳолда ижтимоий-иқтисодий секторни рақамлаштириш, “яшил энергетика” тизимини ривожлантириш ҳамда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларида узоқ муддатга мўлжалланган янги устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланиб, кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки бараварга ортди.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 млрд доллардан ортди. 2021 йилда 320 млн доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп маблағ ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Корея Республикаси Экспорт-Импорт (Эксим) банки ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва  ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик натижасида мамлакатимизнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳажми 1 млрд долларга етказилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек давлатлараро икки томонлама имзоланган келишув ва битимларни амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”да белгиланган вазифаларнинг бориши устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш мақсадида Сенатнинг 2022 йил 3 февралдаги СҚ-473–IV-сон Қарори билан Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси ташкил этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 декабрдаги ПҚ-67-сонли қарори билан тасдиқланган 3 та амалий ҳаракатлар режалари (“йўл хариталари”) ижросининг бориши, шу жумладан жорий йил январь ойида  бажарилиши белгиланган 23 та вазифанинг ижроси муҳокама қилинди.

Тадбир давомида икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Ўзаро алмашинувлар йили”ни ташкил этиш, Сенат фаолиятида Жанубий Корея парламенти тажрибаси асосида “Электрон парламент” механизмини татбиқ қилиш бўйича долзарб вазифалар белгиланди.

Мажлис якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan