Қорақалпоқликларнинг “тобеси кокге жетди” – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Қорақалпоғистондек қадрдон заминда узоқ йиллар давомида меҳнат қилиб, яшаган инсон сифатида аниқ ишонч билан айта оламан, қорақалпоқ эли давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифини ҳамиша алоҳида интиқлик билан кутади, бу ташрифдан беҳад хурсанд бўлишади. Бу сафар ҳам худди шундай бўлганини Президентимиз билан суҳбатлашишга мушарраф бўлган ёшуллилар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшларимизнинг кўзидаги қувончдан уқиб олиш қийин бўлмади.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудга бу галги ташрифи ўзига хос янгиликлар билан бошланди. Президент самолёти илк марта аввалги ташрифлар давомида белгиланган вазифалар ижроси доирасида янгиланиб, ишга туширилган Мўйноқ аэропортига қўнди. Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланган. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилган.

Мўйноқ тумани Қорақалпоғистон Республикасининг энг олис ҳудудларидан бўлишига қарамай, сўнгги йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига қулай яшаш шароити яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Шахсан давлатимиз раҳбарининг топшириқларига биноан ҳудудда бир қатор инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ошди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши кўпайди, аҳолининг яшаш шароити, фикрлаши, дунёқараши ўзгарди.

Илгари мўйноқликларнинг кўплаб меҳнатга лаёқатли қатлами етарлича шароит яратилмаганидан ўзлари туғилиб-ўсган уй-жойларини ташлаб бошқа ҳудудларга кўчиб кетишга мажбур бўлганди, туманда қолган аҳоли эса қийинчиликда кун кечиришарди.

Бугун эса Мўйноқ юксак туризм салоҳиятига эга, маданий мерос объектларини бутун дунёга намойиш эта оладиган, турли халқаро фестиваллар, форумлар, спорт тадбирларига мезбонлик қила оладиган, ривожланаётган ҳудудга айланиб улгурди.

Президентимиз бу галги ташрифида кенг жамоатчилик билан суҳбатлашиш давомида узоқ йиллар давомида нафақат Қорақалпоғистон, балки минтақанинг экологик фожеасига айланган Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларини бартараф қилишга қаратилаётган янгича ёндашувлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Оролбўйини биргаликда ривожлантириш, ҳудуддаги экологик, иқтисодий, ижтимоий масалаларни ўз кўзлари билан кўриб, ўрганиб, қорақалпоғистонликларга ёрдам бериш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси туманлари муайян вилоятларга бириктирилгани, бошқа вилоят ва шаҳарларнинг раҳбарлари бу ҳудудга юборилгани алоҳида таъкидланди.

Узоққа бормайлик, яқин 5-10 йил аввал Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, катта ҳудудга тарқалар эди. Шавкат Мирзиёев 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаган эди. Давлатимиз раҳбарига шу борада қилинган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Маълумотларга кўра, ўтган йилларда денгизнинг сув қуриган қисмида 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчи қатнашиб, 1 минг 600 дона техника, самолётлар жалб этилган.

Бундан ташқари, Президентимиз аҳолининг турмуш шароитларини кўриш, бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш мақсадида Тахтакўпир, Шуманай, Беруний тумани, Нукус шаҳрида бўлди.

Президент ўз ташрифи давомида яқин ўтмишда яшаш шароити оғир бўлган, газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотида етишмовчиликлар бўлган, олис ва чекка ҳудудларда бўлгани бежиз эмас. Сабаби, инсон қадри улуғланаётган Янги Ўзбекистонда аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиш ва имкон қадар ечимини ҳал қилиш борасида, пировардида инсонлар ҳаётдан рози, бахтиёр яшашларига эришиш устувор аҳамият касб этиб келаётгани сир эмас.

Меҳнат тақозоси туфайли бу ҳудуддаги оддий одамлар билан жуда кўп маротаба суҳбатлашганман, учрашганман, уларнинг қанчалик оғир шароитларда яшаши, ишлашига гувоҳ бўлганман.

Яқин-яқингача ҳам уларнинг аксариятида ҳар қандай оғир шароитда ҳам Ватанини севиш, ардоқлаш туйғуси шу ерда уларни яшашга, ишлашга ундаб келаётган эди. Ахир, яқин 5-10 йил аввал Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси қурилишини ким ҳам хаёлига келтирарди? Ёки, айтайлик, 65 йил аввал қурилган Қорақалпоғистонда ягона бўлган Тахиатош иссиқлик электр станцияси модернизация қилинишини тасаввур ҳам қилолмасдик.

Президентнинг ташрифи давомида кенг жамоатчилик вакиллари ҳудуддаги муҳим масалалар бўйича ўз таклифларини билдириш имкониятига эга бўлди. Асосли, ўринли таклифлар қўллаб-қувватланиб, мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур амалий ташриф давомида билдирилган фикрлар, берилган топшириқлардан кейин бир хулосага келади, киши: бугун қорақолпоғистонликлар, айниқса мўйноқликлар Президентимизнинг бошқача меҳри, ғамхўрликлари самарасини ўз ҳаётларидаги, яшаш шароитидаги ўзгаришлардан ҳис қилмоқда. Қорақалпоқча айтганда қорақалпоқ халқининг “тобесы кокде”, яъни боши кўкларга етадиган кунлар келди.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan