Фракция аъзолари долзарб қонун лойиҳаларини муҳокама қилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 28 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими ҳамда шартномавий муносабатларнинг такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, фуқаролар томонидан энг кўп кирадиган шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан бири – бу қарз олди-бердисидир. Аммо амалдаги қонунчиликда чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариш бўйича шартнома тузишга рухсат берилмаган.

Мазкур ҳужжат билан жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат бериш тартибини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Қонун қабул қилиниши натижасида жисмоний шахсларнинг ўз мулки ҳисобланган чет эл валютасидаги пул маблағларини эркин тасарруф этиши, хусусан уларнинг чет эл валютасида қарз беришда ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши таъминланади.

Фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хўжалик жамиятлари ижро этувчи органларининг жавобгарлигини оширишга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Ҳужжат билан директорларнинг масъулиятини ошириш, ушбу шахсларни жавобгарликка тортиш орқали фуқаролик муносабатлари иштирокчиларининг мулкий тенглигини таъминлаш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 81-моддаси ҳамда “Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига тегишли қўшимчалар киритиш таклиф килинмокда.

Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан жамият ижро органи (директор) жамият устидан бошқарув ҳуқуқининг суистеъмол қилиниши йўли билан жамият, унинг кредиторлари ва (ёки) иштирокчиларига зарар етказилганда, улар субсидиар жавобгарликка тортилади.

Йиғилишда кўриб чиқилган қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш, маромига етказиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди ва улар депутатлар томонидан маъқулланди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan