Аёл илмли бўлса, жамият илмли бўлади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.

     Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишини кузатар эканман, юқоридаги ривоят хаёлимга келди.

     Дарҳақиқат, қайсики жамиятда хотин-қизлар қўллаб-қувватланса, ўша жамиятдаги оилаларда хотиржамлик, шукроналик, файз ва барака ҳукм суради. Тинч-тотув оила – бу эртанги кундаги гўзал орзулар, хайрли режалар ва албатта, шунга монанд амаллар демакдир.

     Донишманд халқимиз аёлнинг оиладаги ўрнига таъриф берар экан, “Эр шоҳ, аёл вазир” “Эр бош бўлса, аёл бўйин”, “Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин” каби кўплаб мақолларни бежизга кашф этмаган. Ўзимизга таниш ва нотаниш оилалардаги муҳит ва у ердаги ўзаро муносабатни кузатиб бу мақолларнинг нақадар ҳаққоний ва топиб айтилганлигига иқрор бўламиз. Ҳар бир муваффақиятли эркакнинг ортида буюк аёл туради, деган ибора ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

     Ушбу видеоселектор йиғилиши ўзига хос бўлди, чунки унда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ҳақидаги янгиликларни барча бирдай хурсандчилик билан кутиб олди. Бу ҳақда матбуотда ва ижтимоий тармоқларда мамнунлик ва миннатдорчилик ҳислари йўғрилган фикрлар билдирилмоқда. Юрт аёллари Давлат раҳбарининг ушбу қарорини ўз байрамлари арафасида уларга берилган катта совға сифатида мамнуният билан қабул қилмоқда.

     Йиғилишда қабул қилинган қарорлар бир-биридан муҳим, бир-биридан салмоқли. Назаримда, энг муҳими – хотин-қизлар учун таълим тизимида янги имкониятларнинг яратилиши бўлди. Бу бежиз эмас, албатта.

     Зеро, аёл оқила бўлса оиланинг бахти, агар у фозила бўлса, жамиятнинг ҳам ютуғидир.

Зебинисо Шербоева,

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари

институти етакчи илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan