“Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йил 3 март куни Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди.

Унда Сенат аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кўзда тутилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни иштирокчилар томонидан кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ҳужжат ушбу соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, унда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган.

Шунингдек, Қонун билан органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар фаолияти доирасида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши белгиланган.

Ушбу Қонун билан органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга
доир шартлар ва талаблар, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва давлатимиз ҳудудидан олиб чиқиш тартиби мустаҳкамланмоқда, яъни республика ҳудудига олиб киришда чет давлатнинг мувофиқлик ҳамда органик маҳсулотлар келиб чиқишини тасдиқлайдиган сертификатнинг кўчирма нусхаларини тақдим этиш шартлиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, мувофиқликни баҳолаш органини авторизациялаштириш, органик маҳсулотлар соҳасидаги эквивалентликни баҳолаш, органик маҳсулотларни тамғалаш механизмлари ҳам очиб берилган, яъни ишлаб чиқарувчи органик маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш тартибидан ўтганидан ва сертификатни олганидан кейин уларнинг миллий мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу билан бирга, ҳужжатда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ва бошқа бир қатор нормалар кўзда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратишга ёрдам беради.

Шунингдек, Қўмитанинг 2020-2021 йиллардаги фаолияти ҳам муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Қўмита томонидан ҳисобот даврида қонунчилик ва парламент назорати фаолияти доирасида 41 та мажлис ўтказилиб, унда 85 та масала муҳокама этилган.

Вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг 2 марта ҳисоботи, 11 марта ахбороти эшитилган.

Шу билан бирга Қўмита аъзолари қонунларни маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиш, ҳудудлар ва соҳаларда қонунлар, давлат дастурлари ижросини ўрганиш бўйича тадбирларда, давра суҳбатларида, семинар, конференция, форум ҳамда халқаро анжуманларда иштирок этган.

Қўмита томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ҳам ишлар олиб борилди. Ҳисобот даврида Сенатга келиб тушган 2800 дан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилган.

Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan