Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Инситутнинг Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъбаси мудири Жасур Худоберганов ва ахборот-коммуникация технологиялари дастурчиси Зафар Муҳаммадов ҳамда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси девони Қонунчилик масалалари бошқармаси маслаҳатчиси Ан Ёнг Хун, Bestian Soft Co., Ltd.нинг бош ижрочи директори Янг Мун мо, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (KOICA) вакили Шукурулло Шукуровлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Институт ва KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида “Электрон парламент” дастури бўйича Институт фаолиятини электронлаштириш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбирда Фозилжон Отахонов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган мазкур Институт ҳозирги кунга келиб ўзига билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилаётганлиги ва бу борада миллий парламентимизнинг чинакам “ақл маркази”га айлаётганлиги ҳақида сўз юритиб, эришилган натижалар хусусида 2021 йил давомидаги фаолият мисолида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури асосида жорий йилда амалга ошириладиган ўзаро ҳамкорлик режаларига алоҳида эътибор қаратилди.