Келажаги буюк авлодни буюк оналар дунёга келтиради – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Янгиликлар

Аёл, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли ҳамиша муҳим мезон бўлиб келган. 

Зотан, ҳар қандай давлат ва жамият тараққиёти бир қатор омиллар асосида амалга ошади. Бу жараёнда хотин-қизлар, уларнинг ижтимоий-сиёсий муносабатлардаги иштироки, ҳуқуқ ва эркинликлари масаласини давлатлар ривожининг ҳамда демократиянинг муҳим индекси десак муболаға бўлмайди. Ҳар қандай ижтимоий тузилма асосида аёлларнинг репродуктив имкониятлари билан бир қаторда, янги авлоднинг шаклланиши ва ривожланишида ҳам уларнинг ўрни беқиёс. Жамиятда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари мавжуд бўлиб, булар қонунийлик; демократизм; хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги; жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги; очиқлик ва шаффофлик ҳисобланади.

Дунё мамлакатлари ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринга эга бўлган Ўзбекистоннинг давлат ва жамият сифатидаги тараққиёти силсиласида аёлларнинг ўрни, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти алоҳида аҳамият касб этади. Демократик ислоҳотлар бошланишида гендер масаласи ва аёлларнинг жамиятдаги роли нақадар муҳим эканлиги 1991 йилдаёқ алоҳида давлат тузилмаси – Хотин-қизлар қўмитаси шакллантирилиши билан яна бир бор ўз тасдиғини топди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий аҳволини тубдан яхшилаш масалаларига қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 тадан фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги глобаллашув жараёнида янги авлоднинг ҳар қандай шароитга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ҳар қачонгиданда муҳим. Шу боис бугунги ислоҳотларнинг асосий мазмуни ҳам хотин-қизларнинг янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишларини таъминлашдан иборат. 

Жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг асосий ва устувор йўналишлари қаторида алоҳида белгиланганлигига, бу борадаги қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари орқали ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Чунончи, 1998 йилда қонунчиликда оила муносабатларини тартибга солувчи алоҳида Оила кодекси қабул қилингани бу йўналишда бошланган ишларнинг мантиқий давоми бўлди. 

1998 йил «Оила йили»1999 йил «Аёллар йили», 2001 йил «Оналар ва болалар йили», 2012 йил «Мустаҳкам оила йили»2013 йил «Обод турмуш йили»2016 йил «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиниши эса хотин-қизларга бўлган эътиборнинг давлат даражасидаги ўзига хос ва ўхшаши бўлмаган амалий намунасидир. 

Айтиб ўтиш ўринлики, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш фаолияти:

аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;

аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш каби асосий йўналишлардан иборат.

Янада қувонарлиси, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, оила институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таҳқирлашлардан ҳимоя қиладиган барча йирик халқаро ҳужжатларга қўшилди.

Хусусан, «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Женева Конвенцияси,«Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида»ги ҳамда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Нью-Йорк Конвенциялари, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги» Баённомаси шулар жумласидандир. 

Мамалакатимизда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»«Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди ҳамда Оила ва Меҳнат кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Аёллари қадрланган юртнинг тараққиёти мустаҳкам бўлади. Бунинг исботи сифатида охирги йилларда шахсан Давлат раҳбари ташаббуси билан20 дан ортиқ фармон ва қарорлар ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши тузилди, шунингдек, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда Олий Мажлис Сенати ҳузурида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Соҳадаги ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатиб, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига кирди ва поғона юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил сентябрь ойида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитидаги 70-сонли резолюцияси асосида мамлакатимиз учун долзарб ҳисобланган 16 та миллий мақсадга эришиш бўйича 125 та вазифалар белгиланди. Хусусан, барқарор ривожланиш соҳасидаги 5мақсад Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Ушбу мақсадни амалга ошириш доирасида 9 та вазифа белгилаб олинди. Хусусан, хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш;хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини тугатиш;эрта никоҳлар ва зўрлаб никоҳлашни тугатиш;хотин-қизлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этишларини ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш;репродуктив саломатликни асраш соҳасида умум қамровли тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун соғлиқни сақлаш хизматларидан умумий фойдаланишни таъминлаш ва бошқа вазифалар белгиланди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати томонидан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди.

Шунингдек, қонун ҳужжатларининг мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий қилинди.Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш ва мустаҳкамлаш учун 2021 йил 14 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаситашкил этилди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронларга, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш ушбу жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Янги Ўзбекистонда аёлларнинг қадри ва манфаатлари ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи ҳақиқий маънода давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлат органлари ва ташкилотларида 1,5 мингга яқин мутахассис хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларига тайинланиб, бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизни ташкил этгани ва бу кўрсаткич жадал суръатлар билан ошиб бораётгани фикримизнинг ёрқин исботидир. 

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак».

Ижтимоий ҳимоя тизимида мутлақо янги йўналиш – хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун «Аёллар дафтари”, «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар» жорий этилди. Бу орқали жамиятда аҳолининг, айниқса, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида яна бир бор эътироф этилди. Ушбу жараёнда 5 миллионга яқин оилалардаги ижтимоий муаммолар ҳал этилгани ҳам бу борадаги ишлар нақадар кенг қамрови эканлигидан далолатдир.

«Аёллар дафтари» асосида сўнгги 3 йил давомида 400 минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Эҳтиёжманд аёлларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларнинг даромадларини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқдаки, бу Янги Ўзбекистон келажаги унинг учун муҳим жамият аъзоларига қанчалик боғлиқ эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, аёлларнинг саломатлиги масаласига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг сабаби, жамиятнинг соғломлиги, аввало, хотин-қизларнинг қанчалик соғлом экани билан изоҳланади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “…она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибордир».

Шу мақсадда 2021 йилдан бошлаб ҳомиладор аёлларга ва 15 ёшгача бўлган болаларга 7 турдаги витамин, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситаларини бепул тарқатиш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тадбирлар давомида 2021 йилда 11 миллион, 2022 йилда 17 миллион нафар аёл қамраб олингани таҳсинга сазовор.

Саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга доир мақсад ва вазифалар назарда тутилди. Хусусан,Тараққиёт стратегиясининг 5 та мақсадида хотин-қизлармасаласига оид вазифалар белгиланган. Хусусан, «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” деб номланган 69-мақсадида жумладан, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш назарда тутилган.

Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 221,232, 253, 254, 307, 308, 338-вазифалари бевосита юқорида қайд этилган мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган.

Жорий йилнинг 4 март куни Президент иштирокидаги хотин-қизлар масалаларига бағишланган видеоселекторда қизлар таълими учун бир қанча имтиёзлар ҳақида сўз юритилиб, янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пули тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши (23 минг нафар қизга 200 миллиард сўм), ҳар йили 50 нафар қизни нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафарини магистратурага юбориш, ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракт пулини маҳаллий бюджетдан тўлаб бериш, ёш фарзанди бор талаба қизларга масофавий ўқишга шароит яратиш, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиш, ҳар йили хотин-қизлар талаба бўлиши учун квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилиши; янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун илк марта 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилиниши белгилаб берилгани билан бу борадаги ислоҳотлар жараёни янада юқори босқичга кўтарилди. 

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда хотин-қизлар манфаатларини ифода этиш, гендер тенглигини таъминлаш, давлат ва жамият муносабатларида аёлларнинг ўрни ва ролини янада ошириш, уларнинг сиёсий,ҳуқуқий, ижтимоий соҳаларда манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс авлодини шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Зеро, буюк авлодни буюк оналар дунёга келтиради.

 

Фозилжон Отахонов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги 

Қонунчилик муаммолари ва парламент 

тадқиқотлари институти директори, 

юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan