Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлиги оширилади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 5 март куни Ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашларининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда Президентнинг жорий йилнинг 21 февраль куни қабул қилинган “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини самарали ташкил қилиш ҳамда соҳада йўл қўйилаётган муаммолар тўғрисида сўз юритилди.

Халқимиз бойлиги бўлган ер участкаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмагани, ерларни талон-торож қилишда турли хил схемаларни ишлатиб, ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ жиноятлар кўлами кенгайиб бораётгани ҳақида аниқ мисоллар келтирилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Б. Тажиев ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиш, қонун талабларига риоя этиш аҳволини мунтазам ўрганиб боришда парламент назоратини кучайтириш, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий этиш каби масалаларга эътибор қаратди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати Бюджет ва  иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев юқорида кўрсатилган қарорнинг саккизинчи бандига тўхталиб ўтди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари ўзларининг юридик хизматлари, ҳудудий адлия ва прокуратура органлари билан биргаликда маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органларининг ер участкалари бериш ҳақидаги қарорларини график асосида хатловдан ўтказишда, умуман ушбу ҳужжатни бажаришда бир хилдаги ёндашувни қўллаш учун алоҳида қўлланма билан таъминлаш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини асрашга қаратилган ишларни кучайтириш, Президент фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan