Ташқи сиёсий ҳамкорлик масалаларида парламентларнинг роли муҳокама қилинди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясининг “Ташқи сиёсий ҳамкорлик масалаларида парламентларнинг роли” мавзусидаги навбатдаги онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясининг Бош котиби Меҳмет Сурейя Эр кириш сўзи билан очиб берди.

Мазкур йиғилиш давомида Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Венгрия парламентларининг тегишли қўмита раҳбарлари мавзуга оид маърузалар билан чиқишди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д. Файзиева ўз маърузасида Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда давлатимиз томонидан ҳар томонлама пухта ўйланган, ўзаро манфаатли, очиқ ва прагматик ташқи сиёсий фаолият изчиллик билан олиб борилаётганлиги, ҳозирги даврда глобал ва минтақалараро аҳамиятга эга бўлган долзарб масалаларни ҳал қилиниши мақсадида халқаро ҳамжамият томонидан белгиланган вазифаларнинг бажарилишида парламентларнинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш, “парламент дипломатияси” механизмини самарали қўллаш билан кўптомонлама ва иккитомонлама асосда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, бу борада амалий чора-тадбирларга асосланган барча имкониятларни ишга солиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси иштирокчи мамлакатларнинг тарихий ва маданий алоқалари асосида шаклланган ташкилот бўлганлиги сабабли, ташқи сиёсатда фаол минтақавий ҳамкорликка, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, миллий қонунчиликни уйғунлаштириш ва парламент ҳамкорлигини мустаҳкамловчи самарали институт сифатида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Конструктив руҳда ўтган йиғилиш якунида парламентларнинг тегишли қўмита раҳбарлари Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси билан ҳамда парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда минтақавий хавфсизликка доир долзарб масалалар юзасидан фикрлар алмашдилар ва самарали ҳамкорликни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan