Сенатда Жаҳон банки делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йил 10 март куни Сенатда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э.Гадоев ва Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари М.Парпиев Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё минтақасида ижтимоий барқарорлик ва интеграция амалиёти раҳбари Варалакшми Вемуру бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Унда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ушбу банк билан ҳамкорликда устувор тармоқларда амалга оширилаётган ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан конструктив ҳамкорлиги мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида янгича тус олгани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда В.Вемуру Ўзбекистонда хотин-қизлар тенглиги доирасида Президент ҳамда Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган мазкур ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига ижобий таъсир кўрсатиши, шунингдек, халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини юксалтиришга хизмат қилишини эътироф этди.

Олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатда кенг қамровда татбиқ этилиб, хотин-қизлар фаровонлигига, уларнинг турмуш тарзини ривожлантиришига ва албатта, уларнинг ўз жамиятда ўрин топишлари учун асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, Жаҳон банки эксперти Одри Сакс томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича мамлакатда олиб борилган ишлар юқори баҳоланди.

Учрашув доирасида парламентаризм, ёшлар ва хотин-қизлар, энг аввало, қишлоқ жойларида яшаётган хотин-қизларнинг иытисодий имкониятларини кенгайтириш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек инсон капиталини юксалтириш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинди. Хусусан, Жаҳон банки иштирокида қишлоқ жойларида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 2,7 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳанинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот якунида гендер тенгиликни таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилиши қайд этилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan