Куни кеча «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ўтказилган ушбу тадбирда қуйи палата депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Вазирлар Маҳкамаси, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда экспертлар ва олимлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат билан амалдаги Қонунга корпоратив волонтёрлик фаолиятини тартибга солувчи қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда ҳамда «корпоратив волонтёр – бу ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилотнинг корпоратив волонтёрликка ихтиёрийлик асосида жалб этилаётган ходими» сифатида белгиланиб, «корпоратив волонтёрликка жалб қиладиган иш берувчи» тушунасига таъриф берилмоқда.