Мулкдор рози бўлиши лозим – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун бугунги кунда долзарб бўлган ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ муносабатларда қонунийлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Қолаверса, охирги йилларда мамлакатимизда мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилаётгани ва ушбу Қонун ана шу йўлдаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Шу билан бирга, Қўмита мажлисида аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш нуқтаи назаридан мазкур Қонунда концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар борлигига эътибор қаратилди.

Қонунда ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган ҳолатлар аниқ кўрсатилган. Бироқ Қонунда ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш масаласи, жумладан талаб этиладиган харажатлар миқдори (компенсация) дастлаб мулкдор билан эмас, балки жойлардаги вакиллик ҳокимияти органларида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиниши белгиланган.

Қўмита аъзолари масала, аввало, мулкдор билан муҳокама қилиниши, барча ҳисоб-китоблар ўзаро келишилиши ва шундан кейингина Жўқорғи Кенгес ёки маҳаллий Кенгашга киритиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратишди.

Бундан ташқари, мажлисда ҳудудларда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлардан мисоллар келтирилиб, мулкдор билан компенсация масаласини узил-кесил келишмасдан туриб, масалани маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритиш харажатлар миқдори олдиндан чегараланиб қолишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Қонун юзасидан Қўмита аъзолари, сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари ўз муносабатини билдирди.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, Қўмитанинг ушбу Қонунни қайта кўриб чиқилиши юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan