Ҳар бир аёл эътибор ва ғамхўрликдан четда эмас – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Хотин-қизларнинг жамиятда, оилада мустаҳкам ўринга эга бўлишларини таъминлаш борасида сўнгги йилларда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, опа-сингилларимиз саломатлигини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш масаласи Президентимизнинг доимий назоратида. Мисол учун, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мавжуд вазият танқидий таҳлил қилинди. Жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғиш ёшидаги аёлларнинг 30 фоизида камқонлик аниқланган. Бундан ташқари, хотин-қизлар ўртасида нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳам кўп. Шу каби, тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган 44 минг нафар хотин-қизларни алоҳида назоратга олиб, тиббиёт бригадаларига бириктириш, тор доирадаги шифокорларни жалб қилган ҳолда, уларни даволаш бўйича топшириқлар берилди.

Бу борада биз халқ вакилларининг вазифаси нимадан иборат бўлиши керак? Ҳар ойда сайловчилар билан учрашганда, аёлларимизнинг муаммоларини сўраш асносида давлат раҳбари томонидан яратилган имкониятларни оддий, содда тилда тушунтиришимиз шарт. Токи марказдан тортиб республикамизнинг энг чекка ҳудудларигача жорий йил якунига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифаси қўйилганини, эҳтиёжманд аёлларнинг даволаниши учун ҳар йили Хотин-қизлар жамғармасига қўшимча 30-50 миллиард сўм ажратилишидан бирдек хабардор бўлсин, ундан самарали фойдаланиш йўлларини билсин, давлат улар ҳақида қайғураётганини ҳис этсин.

Президент ташаббуси билан Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилгани нозик хилқат вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, десак тўғри бўлади. Зотан, ушбу Кенгашлар хотин-қизлар ўртасида маънавий муҳитни соғломлаштириш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, оила институтини ривожлантириш, уй бекаларининг турмуш тарзини, дунёқарашини янада яхшилаш ва турли маънавий-мафкуравий хуружлардан асраш каби долзарб мақсадларга хизмат қилишни мақсад қилгани билан аҳамиятлидир.

Баъзан аёлларнинг ўз яқинларига айта олмайдиган муаммолари, ўй-фикрлари бўлади. Кимгадир маслаҳат солса, гап-сўз бўлишидан чўчийди. Бундай аёлларга тўғри йўл кўрсатиш, руҳий далда бериш, муаммоларини оқилона ечишга кўмаклашиш билан уларни турли нохушликлардан асраш мумкин. Кенгаш фаолиятида айнан шу мақсад асосий мезон ҳисобланади. Эътиборли томони, бундай Кенгашлар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилади. Бу эса аёллар, айниқса, фарзанд тарбияси ва уй-рўзғор юмушлари билан машғул, иш билан банд бўлмаган уй бекалари жамиятда ўзини тўлақонли ҳис қилишида, ижтимоий фаоллиги ошишига хизмат қилади.

Умуман айтганда, ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлган мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимизга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, уларни рози қилиш Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда барча даражадаги раҳбарларнинг нафақат хизмат вазифаси, балки, энг аввало, инсоний бурчига айланган. Тўғрисини айтишим керак, мамлакатимиздаги хотин-қизларнинг бир вакили сифатида бундай ғамхўрликдан қувонаман.

 

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan