Электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

2022 йил 14 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари Ҳисоб палатасининг 2021 йилги ҳисоботини, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш мобайнида депутатлар бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш, давлат харидлари тўғрисидаги қонун талабларининг тўғри қўлланилишига алоҳида эътибор қаратишди. Тадбирда бюджет жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг веб-сайтларига тегишли молиявий ҳисоботларни ўз муддатида жойлаштиришлари, шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни махсус ахборот порталига киритиб боришлари лозимлиги таъкидланди.

Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда қонунбузилишлари аниқланганлиги, коррупциявий аломатларга оид 41 та назорат тадбирлари ўтказилган.

Йиғилишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги молиявий қонунбузилишларни, уларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, қатор таклиф ва тасиялар берилди.

Шундан сўнг, депутатлар томонидан “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳа билан электрон тижоратни ривожлантириш, ички ва халқаро бозорларда тадбиркорлик субъектларининг самарали рақобати учун шарт шароитлар яратиш орқали электрон тижоратнинг инновацион усуллари доирасини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва бу соҳада халқаро хамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби, сотувчи ва харидорларнинг ҳуқуқлари, электрон тижоратда тўловларни рухсат этилган шакллари белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ташқи савдо майдончалари, интернет-дўконлари ва бошқа воситачилар орқали битимлар сонини кўпайтириш, товар айланмаси, маҳсулотлар (хизматлар, ишлар) экспорти ҳажмини ўсишига хизмат қилади.

Йиғилишда халқ вакиллари томонидан берилган қатор саволларга мутахассилардан батафсил жавоблар олинди ва қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Кун тартибидаги масалалар қўллаб-қувватланиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan