Суд соҳасида гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 14 март куни Олий Мажлис Сенати, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан хамкорликда “Суд соҳасидаги гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг роли” мавзусида конференция ташкил этилди.

Тадбирда сенаторлар, Омбудсман, судьялар, олимлар ва мутахассислар, миллий ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг тадбир иштирокчиларига видеомурожаати билан бошланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу маънода конференциянинг мақсади Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 29 апрелдаги 75/274-сонли резолюциясига асосан эълон қилинган 10 март – Халқаро аёл судьялар кунини нишонлаш билан бирга суд соҳасидаги гендер тенглик ҳолатини ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилишдан иборат.

Анжуман иштирокчилари суд тизимидаги гендер вазиятни янада яхшилаш бўйича фикр алмашди, аёл судьялар ассоциациясини ташкил этиш бўйича халқаро тажриба ва Ўзбекистондаги шарт-шароитларни таҳлил қилинди ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер тенгликни таъминлаш бўйича ислоҳотларни юксалтириш юзасидан амалий чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сўзга чиққанлар суд тизимида хотин-қизларнинг раҳбарлик ва судьялик лавозимларидаги улушини ошириш, жамиятда вужудга келаётган муаммо ва масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилишда хотин-қизларнинг иштирокини кучайтириш, суд соҳасида гендер тенгликнинг таъминланишига монелик қилаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсияларини билдирди.

Жумладан, қонунийлик, адолатлик ва тенглик тамойилларига асосланган кучли ва фидоий судьялар корпуси орқали ҳуқуқ устуворлигига мувофиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг ролини ошириш, одил судловга тенг равишда эришишни таъминлаш мақсадида аёл судьяларнинг ассоциациясини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Бундан ташқари, Тошкент давлат юридик университети ва унинг қошидаги техникум ҳамда лицей талаба қизларини судьялик касбига жалб этиш бўйича Меморандум имзолаш, унда судьялик фаолияти билан бирга оилавий ҳаёти ҳам ибратли бўлган аёл судьялар томонидан мазкур таълим муассасаларида талаба қизлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиш, уларга аёл судьялар фаолиятига оид “Талабаликдан судьяликка томон” номли видеоролик намойиш этиш, талаба қизларни аёл судьялар ҳамжамияти тадбирларига таклиф этиш тасвияси билдирилди.

Судьлар олий мактабига қабул жараёнида хотин-қизларга квота ажратиш ва ўз уйидан ажралган ҳолда пойтахтга келиб ўқиш имконига эга бўлмаган хотин-қизларга масофавий таълим олиш имконини яратиш ва бу билан суд корпусида гендер тенгликни ва барқарорликни таъминлаш таклифи ҳам илгари сурилди.

Ушбу таклиф ва тавсияларнинг амалиётга жорий этилиши суд органларида хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улушини ошириш, жамият ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда ва суд соҳасида гендер тенгликнинг таъминланиши бўйича мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишда хотин-қизларнинг иштирокини кучайтириш имкониятини бериши таъкидланди.

Анжумани якуни бўйича аёл судьялар ҳамжамиятининг мурожаати қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan