БМТ Махсус маърузачисининг тавсиялари муҳокама қилинди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

2022 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда парламент комиссия аъзолари, Олий суд, Бош прокуратура, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ички ишлар, Ташқи ишлар, Мудофаа, Адлия вазирликлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 49-сессияси доирасида БМТнинг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайннинг ҳисоботи эшитуви муносабати билан ташкил этилди.

Маълумки, БМТнинг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Ф.Ни Аолайн 2021 йил 29 ноябрдан – 7 декабргача расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган. Ташрифдан мақсад терроризмга қарши курашиш соҳасида давлат қонунлари, сиёсати ва амалиётининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқлигини баҳолашдан иборатдир.

БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон Ҳукуматининг ташрифни ташкил этишга қаратилган кенг қамровли ва изчил ёндашувини юқори баҳолаб, ташриф кўплаб масалалар бўйича очиқ ва самимий мулоқот қилиш имконини берганини таъкидлаган.

Ф.Ни Аолайн Ўзбекистон ҳукуматининг Сурия, Ироқ ва Афғонистондан аёллар ва болаларни репатриация ва реинтеграция қилиш борасидаги фаолиятига юксак баҳо берди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда яратилган ҳамда оила ва жамиятга асосланган репатриация модели – боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш ва зиддиятли зоналардан қайтган аёлларни сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий фаолиятнинг устувор йўналиши сифатида қайта интеграция қилиш билан репатриация қилишнинг энг яхши намунасидир.

БМТ Махсус маърузачиси инсоннинг асосий ҳуқуқларига, шу жумладан, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларга эга бўлиши ва улардан фойдаланишини таъминлашга Ўзбекистон ҳукумати томонидан қаратилган амалий эътиборини олқишлади. Шунингдек, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа муассасалари, жумладан, ўзининг офиси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Комиссия йиғилишида БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этган тавсиялар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан:

– экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасида мамлакатимиз қонунчилигини янада ислоҳ қилиш;

– ФАТФ тавсияларига ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартларга риоя этган ҳолда, терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;

– асосий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кенгайтириш, жумладан, сўз эркинлиги, йиғилишлар эркинлиги, адолатли иш юритиш, қамоқда сақлаш учун муносиб шароитлар, қийноқлардан озод бўлиш ҳуқуқи, шунингдек, дин эркинлиги ҳуқуқи ва бошқа бир қатор қатор тавсиялар атрофлича муҳокама қилинди. 

Иштирокчилар томонидан мазкур тавсиялар, жорий амалиётга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этиладиган Миллий ҳаракатлар режасида ўз аксини топиши қайд этилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan