Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида АХБОРОТ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Сенат Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 105-моддаси ҳамда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддаларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайловини шу йилнинг май ойида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур қарор асосида Сенат Раиси бошчилигида Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ҳамда сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди.

Бундан ташқари, ҳудудларда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузиш, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашиш, сайловни ўтказишда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, сайлов ўтказиладиган жойларда тиббий хизмат кўрсатилишини самарали ташкил этиш, санитария-гигиена талаблари ва карантин қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш, шунингдек, сайлов жараёнини кенг ёритиш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб олинди.

* * *

Шу куннинг ўзида Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

9 300 дан зиёд фуқаролар йиғинлари раислари сайланиши кутилаётганини қайд этар экан, Республика комиссияси раиси Т.Нарбаева бу галги сайловлар мамлакатимиз ривожланишининг бутунлай янги босқичида, жумладан, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш Тараққиёт стратегиямизнинг устувор йўналиши этиб белгиланган тарихий паллада бўлиб ўтишини алоҳида таъкидлади.

          Фуқароларнинг сайловда иштирок этишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш, сайлов иштирокчилари қонун талабларига, шу жумладан, ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи тамойилларига сўзсиз риоя этишларини таъминлаш бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги энг муҳим вазифалар ҳисобланади.

Ошкоралик ҳар қандай сайлов адолатли ўтишинининг зарур шарти ҳисобланади. Шу муносабат билан сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan