Сиёсий партияларнинг ҳисоботлари эшитилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар сиёсий партияларнинг 2021 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда сиёсий партиялар фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини амалга ошириш, хусусан, давлат бошқарувида фаол ва бевосита иштирокини таъминлашда муҳим демократик институт вазифасини бажармоқда. Мамлакатимизда ўз дастури ва уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни бажариши учун сиёсий партияларга қонунчиликка мувофиқ тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб берилган.

Кейинги йилларда барча сиёсий партиялар ўз иш фаолиятини қайта кўриб чиқиб, янада такомиллашди. Хусусан, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли сезиларли даражада ошди, уларнинг жойларда аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш борасидаги ишлари фаоллашди, электорат билан ишлаш тубдан ўзгарди.

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунга биноан сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сонига қараб ўз устав фаолиятини молиялаштириш учун давлат томонидан молиялаштириш маблағларини олиш ҳуқуқига эга.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз ҳаётида сиёсий партияларнинг роли тобора кучайтирилиши улар фаолиятида молиявий интизомни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратишни талаб қилади. Бу эса, сиёсий партиялар тасарруфига Давлат бюджетидан келиб тушадиган маблағлар харажатларини тўғри режалаштириш, мақсадли сарфлашни тақозо этади.

Шунингдек, сиёсий партияларнинг ташкилий-кадрлар, моддий-молиявий ҳамда бошқа ресурслари уларнинг дастурий мақсадлари ва вазифаларини амалда рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун ушбу маблағларни сарфлаш ва уларга доир ҳисоботлар шаффоф ҳамда очиқ бўлиши лозим.

Мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча сиёсий партияларида назорат-тафтиш комиссиялари ишлаб турибди, улар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари, шу жумладан уларнинг функциялари, вазифалари ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган.

Депутатлар эшитув давомида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда сиёсий партияларнинг 2021 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилдилар.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan