Қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарар қопланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенатнинг 24-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни муҳокама қилинди.

Мажлисда сенаторлар сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этди.

Ушбу қонун ҳам мазкур ижобий ишларнинг мантиқий давоми эканлиги таъкидланиб, ҳужжатни қабул қилиш заруратлари муҳокама қилинди.

Хусусан, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш, бунда қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилиши таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилгани, мазкур қонун билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни давомий амалга ошириб келинаётганлиги маълум қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил
22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида миллий превентив механизмни такомиллаштириш БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинишининг амалий натижаси эканини таъкидлади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan