Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими такомиллаштирилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Маълумки, мамлакатимизда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мазкур соҳага доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони ҳамда қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилган.

Ушбу қонунга мувофиқ 3 та кодекс ҳамда 4 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Таъкидланишича қонун билан қонунчиликка қуйидаги бир қатор ўзгаришлар киритилмоқда.

Биринчидан, амалдаги қонунчиликда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини давлатнинг мажбурлов кучини сафарбар қилмаган ҳолда ижро қилишнинг муқобил ҳуқуқий механизмлари мавжуд бўлмаганлиги боис “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга 7 та тоифадаги суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатларининг ихтиёрий ижросини таъминлаш чораларини кўриш, ушбу чоралар натижасиз бўлган тақдирда охирги чора сифатида мажбурий ижро органларига мурожаат қилиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
1982-моддаси Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилгунига қадар айрим тоифадаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминламаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Иккинчидан, суд ҳужжатларининг ижро этилишига тўсқинлик қилганлик ва суд ҳужжатининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик учун жавобгарлик қонунчиликда мавжуд бўлмаганлиги туфайли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик ҳаракатини маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттирганлик учун Жиноят кодексига жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Учинчидан, ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этиш белгиланмоқда.

Тўртинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
1982-моддаси ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжудлигини текширмасдан йирик битимлар тузишни амалга оширганлик ёхуд айрим турдаги молия-кредит хизматлари, халқаро йўловчи ташиш хизматлари ва давлат хизматларини кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланган норма билан тўлдирилмоқда.

Сенаторларнинг қайд этишича, қонуннинг қабул қилиниши натижасида ижро тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади ҳамда суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилиши таъминланиши, давлатнинг мажбурлов кучини охирги чора сифатида қўллаш, тегишли рағбатлантириш ва ҳуқуқий таъсир чоралари орқали фуқаролар ҳамда юридик шахсларда суд қарорларини ихтиёрий бажариш маданияти шаклланиши учун зарур шароитлар яратилиши, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросининг самарадорлиги янада оширилиши таъкидланди.

Муҳокамалар сўнггида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan