Замонавий логистика — хизматлар ҳамёнбоплиги кафолати – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ҳар бир давлат иқтисодиётининг барқарор ривожланишида логистика муҳим аҳамият касб этади. Замонавий логистика ички бозорда маҳсулот ва хом ашё ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун қулай шароит ва мақбул нархларда етказиб берилишини таъминлайди.

Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда маҳсулот ва хизматларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган жараённи оқилона бошқариш мақсадида транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш, темир йўл транспортини модернизация қилиш, йўллар, аэропортлар, логистика марказлари, чегара, божхона, санитария, фитосанитария, ветеринария, карантин ва транспорт назорати шохобчалари ўтказувчанлик имкониятларини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда Германия, Франция, Россия, Грузия, Қозоғистон каби давлатларнинг логистика соҳасидаги тажрибалари ўрганилиб, туризм, савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида кўп тармоқли хизмат турларини ўзида жамлаган, барча қулайликларга эга логистика марказлари ташкил этилмоқда.

Хусусан, юртимизда ана шундай логистик марказларидан бири Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган. Мазкур марказ Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бир қаторда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни дунёнинг кўплаб давлатларига ўз вақтида ва хавфсиз етказиб беришга ихтисослашган. Марказ бугунги кунда юртимизга 50 га яқин мамлакатдан импорт юкларини темир йўл ва автомобиль йўллари орқали вагонлар, контейнерларда транспорт-логистик хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, ички ва ташқи бозор кўрсаткичлари, талаблари инобатга олиниб, халқаро ва миллий миқёсда юк ташиш хизматларини кўрсатиш, юкларга тезкор ва сифатли ишлов бериш, уларни жўнатиш бўйича логистика тармоқлари барпо этилди. “Ягона ойна” тамойиллари асосида Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тадбиркорлари учун қўлайлик яратиш мақсадида “Ўзбекистон омборлари ва логистика марказлари” рақамли платформалари яратилди.

Мазкур платформалар республика ҳудудида мавжуд омборлар ва логистика марказларининг жойлашуви тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган. У орқали Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тадбиркорлари товарлар номенклатураси бўйича омбор ёки логистика маркази (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, фармацевтика маҳсулотлари ва ҳ.к.) ихтисослашуви, ёпиқ ва очиқ омборлар ҳудудидаги бўш жойлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тез бузиладиган товарлар учун музлатгичли омборлар мавжудлиги тўғрисида бепул маълумот олиши мумкин.

Энг муҳими, рақамли платформа самарали транспорт ва омбор хизматларини ташкил этиш, транспорт ва логистика компаниялари фаолияти учун рақобат муҳити ва қулай шарт-шароитлар яратиш, юк ташиш тизимини такомиллаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, хизматлар соҳаси мамлакат иқтисодий ўсиши, арзон иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, хизматлар соҳасининг 1 фоизга ўсиши камбағалликни ўртача 1,5 фоизга қисқартиради.

Шундан келиб чиқиб, юртимизда хизматлар соҳасига қулай кредит, субсидия ва янги енгилликлар пакети жорий этилмоқда, бир қатор солиқлар имтиёзли ставкада қўлланилмоқда, шунингдек, йўл, электр, интернет каби инфратузилмалар яратилмоқда.

Бундан ташқари, экспорт қилинадиган барча товарлар ва хизматлар учун божхона тўловлари бекор қилинди, лицензиялаш ва экспорт тизими соддалаштирилди. Товарларнинг 60 фоиздан ортиқ турлари учун божхона тўловларининг “ноль” даражаси белгиланди. Божхона тўлови ставкаси 6,45 фоизгача пасайтирилди.

Шунингдек, экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзларини ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кунгача узайтирилди. Натижада, 2021 йилнинг ўзида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2020 йилга нисбатан 16 фоизга ўсди.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ҳамёнбоплигини таъминлаш, темир йўлларда логистика хизматларини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, экспорт қатновида ташиладиган юкларни ташишда халқаро тариф ставкалари ўрнига 60 фоизгача камайтирилган маҳаллий тариф ставкалари, импорт қатновида юкларни ташишда 50 фоизгача ҳамда транзит қатновида Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Aфғонистон каби бир қатор давлатларнинг юкларини ташишда 65 фоизгача чегирмалар тақдим этилди. Шунингдек, Aндижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари шаҳар ва туманларини боғловчи айланма йўналишли электропоездлар ҳаракати йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, юртимизга ташриф буюрувчи туристларни ташиш дастури бўйича хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари учун эълон қилинган тарифларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинди. Халқаро аэропортларда хорижий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари тарифлари 43 фоизга туширилди.

Шунингдек, йўловчиларга қўшимча қулайлик ва чегирмалар тақдим этиш мақсадида “Uzbekistan Airways” томонидан авиачипталарини “Click” мобиль иловаси орқали ҳарид қилинганда 2 фоизгача “Кеш-бек” қабул қилиб олиш имконияти яратилди. Aвиакомпаниянинг расмий веб-сайти орқали тўғридан-тўғри харид қилинган авиачипталарга 3 фоиз чегирма тақдим этилмоқда. “Тошкент” халқаро аэропортида йўловчилар ва кузатувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида таксилар, сайёҳлик автобуслари ва чет эл делегацияларининг транспорт воситаларига аэропортнинг эстакадасидан фойдаланиш имконияти яратилди. Бу каби имкониятлар нафақат фуқароларимиз балки хорижий давлатлардан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Юртимизда туризм инфратузилмаси ривожланиб, туристлар учун транспорт ва меҳмонхона, сайёҳлик логистикаси билан боғлиқ барча хизматларга замонавий ахборот технологиялари жорий этилмоқда.

Эндиликда, юртимизга ташриф буюрмоқчи бўлган туристлар интернет орқали ўз саёҳатини режалаштириши, меҳмонхона ва авиакомпаниялар онлайн хизматларидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, мамлакат ҳудудида махсус мобиль иловалар орқали такси чақиртириш, овқат буюртма қилиш, ресторанда жой банд қилиш каби қулайликлар яратилди.

Соҳадаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 2018 йилда 9 та, 2019 йилда 47 та, 2020 йилда 20 та ва 2021 йилда яна 5 та мамлакат фуқаролари учун виза талаблари турли муддат доирасида бекор қилинди. Эътиборлиси, 80 га яқин мамлакат фуқаролари соддалаштирилган тартибга кўра электрон виза расмийлаштириш имкониятига эга бўлди. Бу эса, юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонларга қулайликлар яратишга, туризмнинг ривожланишига, мамлакат иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини рағбатлантириш мақсадида юртимизда жорий йилдан бошлаб янги меҳмонхона, дам олиш масканлари учун мол-мулк ва ер солиғи 3 йил давомида 2 баробар паст ставкада тўланиши, туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиши, 3 йил давомида айланмадан олинадиган ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада, мол-мулк ва ер солиқлари эса ҳисобланган суммадан 1 фоизи миқдорида белгиланди.

Юртимизда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “The New York Times” (АҚШ) ва “The Guardion” (Буюк Британия) нашрларининг рейтингларида дунёнинг туризм бўйича энг оммабоп мамлакати, “Wegoplace” саёҳатчилар портали томонидан дунёнинг энг хавфсиз 5 мамлакатидан бири ҳамда “CrescentRating” (Сингапур) ва “Mastercard” ташкилотлари томонидан дунёнинг зиёрат туризми бўйича энг оммабоп 10 мамлакатидан бири сифатида эътироф этилди.

Бир сўз билан айтганда, эришаётган ютуқларимиз билан бирга ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Бунинг учун фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш, бунда ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув, аҳоли сони, географик жойлашув, иқтисодий салоҳият ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ҳамёнбоплигини таъминлайдиган замонавий логистика марказларини ташкил этиш, давлат ва хусусий сектордаги барча иштирокчиларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва мустаҳкамлаш, уларга кенг имкониятлар бериш лозим. Шу билан биргаликда, логистика хизматларининг ривожланиши учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлар, берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш бўйича вакиллик органлари ҳам жамоатчилик назоратини кучайтириши керак деб ҳисоблаймиз. Шундагина, кўзланган мақсадларга эришамиз.

 

Комилжон ЭРНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan