Муносиб меҳнат шароитлари халқаро миқёсда юқори баҳоланди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 25 март куни “Муносиб меҳнат – барқарор жамият пойдеворидир” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муносабатларига халқаро стандартларни жорий этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон иш берувчилари конфедерациясига аъзо йирик кампания ва корхоналар, уюшмаларнинг, шунингдек, тегишли халқаро ташкилотларнинг ва хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Конференция Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаеванинг видеомурожаати билан бошланди.

Сенат Раиси ўз сўзида сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда меҳнат муносабатлари тизими тубдан ислоҳ этилганини, соҳада фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ҳамкор ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.

Хусусан, мамлакатимизда муносиб меҳнат шароитларини яратишда меҳнат муносабатлари ва бандлик соҳасида амалга оширилган ислоҳотларда Халқаро меҳнат ташкилотининг принциплари асосида 2018 йилда Ўзбекистон иш берувчилари конфедерацияси ва 2019 йилда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси тузилганлиги ва улар самарали фаолият юритиб келаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон иш берувчилари конфедерациясининг ташкил этилиши мамлакатимизда меҳнат муносабатлари соҳасида уч томонлама ҳамкорликни тўлиқ йўлга қўйилишига хизмат қилган

Бундан ташқари, мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларининг амалиётга татбиқ этилишида 2019 йилда ташкил этилган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий комиссиялар, шунингдек, ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг таъсис этилгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, Миллий комиссия ўз фаолиятини миллий қонунчиликни ва ташкилий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, халқаро стандартларни имплементация қилишга, институционал асосларни ривожлантиришга, соҳада амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини тизимли таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларнинг ечимига тизимли ёндашишга, шу билан бирга, фуқаролик жамияти вакиллари ва тегишли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратди.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан  “2014-2016 йилларга мўлжалланган ва кейинчалик 2020 йилга қадар узайтирилган “Ўзбекистонда муносиб меҳнат дастури”да белгиланган устувор вазифаларнинг муваффақиятли ижросини таъминлади. 2021 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги мамлакат дастури қабул қилинди.

Мазкур дастурда асосий эътибор муносиб меҳнат шароитларини яратиш, норасмий бандликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш каби масалаларга қаратилганлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида 2022 йилнинг 10 март куни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан 2009 йилда эълон қилинган ўзбек пахтасини глобал бойкот қилиш чақириғи тугагани маълум қилингани ва бу Ўзбекистон бозорига тўқимачилик саноатининг дунёдаги етакчи корхоналари ва хорижий инвестицияларнинг кириб келишига, миллионлаб одамларга янги иш ўринлари ва қатор янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan