Стандартлаштириш тизими халқаро амалиёт билан уйғунлаштирилади – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Ҳозирги кунда амалда бўлган “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонунига асосан стандартларни ишлаб чиқишда манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлиб, стандартларни қабул қилишда бетарафлик ва холислик таъминланишининг қонуний асослари яратилмаган.

Соҳадаги манфаатдор идораларнинг вазифалари ва ваколатлари тўлиқ очиб берилмаганлиги ҳамда стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг ваколатлари қонунчилик билан тартибга солинмагани сабабли стандартларни қабул қилишда консенсусга эришиш имкони мавжуд эмас.

Шу жиҳатдан, Президентимизнинг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Стандартлаштириш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, ушбу ҳужжатда стандартлаштириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Стандартлаштириш бўйича миллий органнинг, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг, шунингдек стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари кўзда тутилмоқда.

Стандартларни қабул қилиш ва амалиётга киритишда Стандартлаштириш бўйича миллий органнинг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланган ҳолда, стандартлаштириш соҳасидаги манфаатдор томонларни техник қўмиталарни ташкил қилиш ва уларни фаолияти кенгайтирилмоқда.

Шунингдек, халқаро ташкилотлар стандартларига уйғунлаштирилган миллий стандартларимиз ва халқаро стандартларни тўғридан-тўғри қабул қилиш орқали ишлаб чиқаришни ривожлантириш назарда тутилиб, давлат назорати органлари ва объектлари, давлат инспекторлари, уларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги каби нормалар чиқариб ташланмоқда.

Йиғилишда стандартлаштириш тизимини замонавий талабларга мос келтиришнинг туб моҳияти, фақатгина соҳага оид атамаларни уйғунлаштиришдан эмас, балки стандартлаштириш тизимини қонуний базасини ҳалқаро стандартлар талабларига мослаштиришдан ҳам иборат эканлиги қайд этилди.

Сўз олганларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида стандартлаштириш тизими халқаро амалиёт билан уйғунлаштирилади, маҳсулотлар (хизматлар) ва жараёнларнинг сифати, уларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлиги ошишига эришилади.

Муҳокамалар давомида халқ вакиллари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириб маромига етказиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берди. Лойиҳа юзасидан берилган барча саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар олинди.

Айни пайтда қўмитада қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan