Соғлом инсон жамиятнинг бойлигидир – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Халқимизда саломатлик – туман бойлик, деган нақл бор. Дарҳақиқат, инсон учун унинг соғлигидан ортиқ бойлик бўлмаганидек, соғлом инсон ҳам жамиятнинг ҳақиқий бойлигидир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари яқинда соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан «Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун» мавзусида ўтказган очиқ мулоқотда алоҳида таъкидлаб ўтганларидек, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади.

Мамлакатимиз тарихида илк марта ўтказилган мазкур мулоқот юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини оширишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг яққол далили бўлди. Шу билан бирга, ушбу мулоқот соҳа ходимлари ва халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасида ислоҳ этишга йўналтирилган аниқ мақсад, вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилгани билан муҳим аҳамият касб этди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча ўтказилган соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида очиқ мулоқотда билдирилган муаммо ва таклифлар бўйича 24 март куни қабул қилинган фармойишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шуниси эътиборлики, белгиланган ҳар бир вазифанинг аниқ бажарилиш муддати, амалга ошириш чора-тадбири кўрсатиб ўтилган. Фармойишда 7 та йўналишдаги 50 та тадбир ва уларнинг ҳар бири учун масъуллар белгиланган.

Йиғилишда халқимиз томонидан билдирилган барча ташаббуслар бўйича қарорлар тез кунларда қабул қилиниши, амалий ишларни кечиктириб бўлмаслиги таъкидланди. Хусусан, апрель ойида 1 миллион нафар хавф гуруҳига кирувчи аҳоли, 700 минг нафар бола ва 100 минг нафар ҳомиладор аёлларни мақсадли скринингдан ўтказиш кўзда тутилган. Мазкур жараён аҳолининг ушбу тоифасида касалликларни эрта аниқлаш, касаллик мавжуд бўлган фуқароларни барвақт даволанишга йўналтириш билан аҳамиятлидир. Биламизки, касалликни даволаш қанча эрта бошланса, бемор шунча тез соғаяди, оғир асоратлар қолмайди.

Тиббиёт тизимидаги муҳим ўзгаришлардан бири сифатида ҳар бир оилавий поликлиникада кундузги стационар ташкил этиш белгиланганини айтиш мумкин. Бу, албатта, халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди, десак янглишмаймиз. Шунинг билан бирга, 400 та маҳаллада оилавий шифокорлик пункти, олис ҳудудларда контейнерлардан 1 минг 700 та тиббиёт пункти ташкил этилади.

Бундан ташқари, жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилиб, жорий йилда 136 та ва келгуси йилда 140 та янги поликлиника фаолияти йўлга қўйилиб, поликлиника филиаллари негизида 1100 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда 2 мингдан зиёд олис ва чекка маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Натижада 85 фоиз муаммоларни бирламчи тиббиёт муассасаларида ҳал этадиган тизим яратилади.

“Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилиб, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб, олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади. Ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади. Олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор, клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади.

Мазкур чора-тадбирлар республикамизнинг олис ва чекка ҳудудларида шифокорлар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш билан бирга, бундай ҳудудларда яшовчи аҳолига узоққа ва марказларга бормасдан малакали шифокор хизматидан фойдаланиш имконини беради. Бу эса ортиқча вақт ва маблағ сарфланишининг ҳам олдини олади. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш инсон саломатлигининг гарови эканини яхши биламиз.

Соғлом турмуш тарзи – тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, демакдир. Афсуски, буни кўпчилик яхши билгани ҳолда, амал қилмайди. Шу боисдан, маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш ҳамда касалликлар профилактикаси бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиб, оилаларга тарқатиш асосий вазифалар сифатида белгилаб берилди.

Маълумки, охирги беш йилда 2 мингга яқин тиббиёт муассасаси қурилиб, таъмирланган бўлса, бу ишлар давом эттирилиб, 1100 та шифо масканидаги шароитлар яхшиланади. Хусусан, жорий йилда инвестиция дастури доирасида тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишларига бюджетдан 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилди. Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга қурилиш ишларини жадаллаштириш, тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Тиббиёт тизимидаги энг катта ўзгаришлардан яна бири – давлат шифохоналари билан бирга хусусий медицина ҳам ривожланмоқда. Авваллари бундай хизматлар фақат стоматология бўйича кўрсатилган бўлса, ҳозир хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритмоқда. Бугун уларнинг сони 8 мингтага етган.

Йиғилишда кўпчиликни ўйлантираётган масала – “ордер” тизими ислоҳ қилиниши, бу борада хусусий сектор иштироки учун ҳам имконият яратилиши ҳақида аниқ таклифлар билдирилди. Жумладан, давлат ва хусусий шифохоналар учун касалликларни даволаш бўйича ягона тарифлар тасдиқланади, йўлланма асосида тиббий хизматлар кўрсатадиган хусусий клиникалар рўйхати шакллантирилади. Бу чора-тадбирлар ўз навбатида юртимизда хусусий тиббиёт тармоғининг янада ривожланиши учун қулай шароит яратади.

Мухтасар айтганда, халқимиз саломатлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш йўлида жуда катта марралар белгилаб берилди. Унинг ижроси бекаму кўст таъминланиши нафақат соҳа ёки жойлардаги ҳокимликлар, балки барчамизнинг биринчи галдаги вазифаларимиздан бўлиши лозим. Чунки, инсон учун унинг соғлигидан ортиқ бойлик йўқ.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

Ўзбекистон ХДП партияси фракцияси раҳбари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan