Сўз ва ахборот эркинлиги соҳасидаги ўзгаришлар – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва сиёсий ҳуқуқлар соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга, айрим блогер ва мухолифатчилар томонидан танқид ва эътирозлар бўлса ҳам, аммо шуни тан олишимиз керакки, Ш.Мирзиёевнинг президентлик даврида сезиларли даражада сиёсий эркинликлар ҳис қила бошланди. Буларнинг натижаси сифатида қонунчиликка киритилган янгиликлар асос бўлганлигини кўришимиз мумкин.

Хусусан, биргина сўз эркинлиги ва ОАВга оид 20дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, жумладан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот олиш  эркинлиги ва кафолатлари”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунлардир.

Буларнинг натижасида амалиётда ижтимоий тармоқларда ва бошқа турдаги ОАВда эркин тарзда ўзининг мустақил, шу жумладан танқидий фикр-мулоҳазаларини билдираётган блогер, журналист ва бошқа шахсларни фикрларини кузатишимиз мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда сўз эркинлигининг кенгайиб бораётганлиги чет эл экспертлари томонидан ҳам тан олиниб келинмоқда. Хусусан, “Дунё” ахборот агентлигининг хабарига кўра «Brussels Times» деб номланган Бельгиянинг етакчи газетасида “Ўзбекистонда қисқа муддат ичида сўз эркинлиги, ахборот олиш ва ОАВни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди” деб қайд этилган.

Бундан ташқари, маълумотлар олишни таъминлаш доирасида бир қатор хорижий янгиликлар сайтларидан фойдаланиш имконияти тикланди, булар «BBC Uzbek», «Voice of America», «Amerika ovozi», «Radio Free Europe / Radio Liberty», «Eurasianet.org», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», AsiaTerra», «Fergana Agency» ва бошқалар.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлат раҳбари томонидан янада очиқликни таъминлаш мақсадида давлат органларининг матбуот хизматлари тизимини яратиш тўғрисидаги Фармонининг қабул қилиниши ахборот соҳасидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Натижада, бугунги кунда Ўзбекистонда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчилари бўлган 400 га яқин матбуот котиблари ахборот фаолиятини олиб бормоқда, уларнинг мақоми раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган. Кўрилган чора-тадбирлар Ўзбекистон ахборот майдонини амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат идораларининг бу борадаги ишлари ҳақидаги маълумотлар билан тўйинтириш имконини берди.

Кўрилган чоралар натижасида сўнгги уч йилда рўйхатга олинган оммавий ахборот воситалари сони 251 тага кўпайди ва 1765 тани ташкил этди, шундан 562 таси электрон (интернет тармоғидаги) ОАВ ҳисобланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда 22 миллионга яқин мессенжер ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, шунингдек 200 мингга яқин китобхонга эга бўлган 172 га яқин фаол блогерлар мавжудлигини ҳисобга олиш муҳимдир. Шунга кўра, ахборот маконининг бундай миқёсида барча иштирокчилар ахборот соҳаси қонунчилигига риоя қилиш призмаси орқали оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ишлашни ўрганиши ўта зарур ҳисобланади.

Бироқ ҳаракат “бир томонлама” бўлмаслиги керак. Яъни оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерлар фаолияти ҳам амалдаги Қонунчилик доирасида амалга оширилиши лозим. Бу дегани – эркин ахборот тизимида танқидий чиқишлар конструктив характерга эга бўлиши керак. Конструктив дегани бу – давлат ҳокимиятини танқид қилишда радикал чақириқ ва ёндашувлар, инқилобий зўравонлик ғоялари, давлатга ва унинг барқарорлигига қарши чиқиш, путур етказиш ва ҳар хил тўнтаришларга қаратилиши эмас, балки давлатни янада яхшилаш, ривожлантириш мақсадида уни танқид қила туриб, бир вақтнинг ўзида уни сақлаш, қўллаб-қувватлаш, барқарорлигини таъминлаш ва ҳимоя қилишни кўзлаши лозим.

Бунинг боиси шундаки, ҳар қандай танқидчи Ватанимиздаги тинчлик ва барқарорликни, мактаб, боғчалар, тиббий хизмат, свет, газ, сув таъминоти, жиноятчиликни жиловлаш каби инсонлар ҳаётидаги бошқа кўпгина кундалик қимматли хизматлар айнан бугунги амал қилиб турган давлатимизнинг хизматлари эвазига бўлмоқда. Буларни ҳар биримиз яхши ва чуқур англашимиз лозим. Худо сақласину, аммо шуларни етарлича англай олмасак, бир зумда Украина, Қозоғистон ва ҳ. воқеалар хавфи келтириб қўйилганлигини сезмай қолиш мумкин.


Хайрулло Рузметов,

ю.ф.д.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan