Маҳаллий маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлиги ошади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугунги глобаллашув даврида маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш масалаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, савдода техник тўсиқларни бартараф этиш мамлакат иқтисодиёти ривожининг устувор вазифалари ҳисобланади.

Юртимизда амалдаги қонун нормалари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги халқаро ҳужжатларнинг асосий принципларига мос келмайди. Ушбу қонунлар қўлланилиш соҳаларининг ноаниқлиги, ваколатли идораларнинг мажбуриятлари ва масъулиятларининг такрорланиши қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчилик бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш тизими маҳсулотларни эркин муомалага чиқарилишидан олдин мажбурий сертификатлаш шаклида (бозорга қадар назорат қилиш) назорат қилишга асосланган. Замонавий халқаро ёндашув эса, ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва импорт қилувчиларнинг хавфсиз маҳсулотларни бозорга етказиб бериш учун юридик жавобгарлигини ва бозор устидан кучайтирилган давлат назоратини назарда тутади.

Шундан келиб чиқиб, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил 9 март куни бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Ўтган вақт мобайнида қонун лойиҳаси депутатлар, экспертлар томонидан маромига етказилмоқда.

Бугун Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан миллий сифат инфратузилмасининг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилади, маҳсулотлар хавфсизлиги халқаро талаблар билан уйғунлаштирилади, савдо-сотиқдаги тўсиқлар бартараф этилади.

Шунингдек, лойиҳада белгиланаётган нормалар маҳаллий маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини оширишга, маҳсулот хавфсизлиги бўйича истеъмолчилар ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасидаги ҳар бир модда депутатлар берган таклифлар асосида такомиллаштирилмоқда. Мазкур жараёнда ҳаволаки моддалардан воз кечилиб, уларнинг ўрни тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар билан бойитилмоқда.

Ишчи гуруҳи йиғилишда депутатлар қонун лойиҳасидаги техник регламентларда белгиланадиган мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари, тадбиркорлик субъектларининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари обдон муҳокама қилиниб, маромига етказилди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan