Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва ҳуқуқшунослик фанларининг долзарб муаммолари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва ҳуқуқшунослик фанларининг долзарб муаммолари” мавзусида офлайн ва онлайн шаклда илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан ташкил этилди. Илмий-амалий тадбирда Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари, Ўзбекистондаги юридик ва турдош олий ўқув юртлари, вазирлик ҳамда идоралари билан бир қаторда мамлакатимизнинг академик ҳамжамияти ва таҳлилий марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, соҳанинг етук олимлари, шунингдек, ёш тадқиқотчилар иштирок этди. 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича ҳуқуқшунослик фани олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, соҳадаги илмий-амалий ишлар режасини тузишга оид таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат. 

– Президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” китобида кўзда тутилган кодекслар, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш нафақат улардаги нормаларни миллий ривожланишимиз қонуниятлари, илғор хорижий ва халқаро тажрибаларни чуқур ўрганиш асосида аниқлаш, балки уларнинг иқтисодиётга, тадбиркорликка, ижтимоий, маънавий-маърифий ва бошқа боғлиқ соҳаларга таъсирини ҳам чуқур ўрганишни талаб этади, – деди академик Акмал Саидов.

 – Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимиздаги фан ва таьлим соҳасидаги туб ислоҳотлар натижасида қайта тикланган Фанлар академияси тизимидаги институтлар ва бошқа тадқиқот марказлари, ҳусусан Давлат ва ҳуқуқ институти, ҳуқуқшуносларни тайёрловчи юридик университетлар, академиялар, факультетлар ва юридик техникумларнинг профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунослар олдига қатор долзарб вазифаларни қўяди.  

Тадбир давомида, шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган долзарб мавзулар – қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини улуғлаш, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш, ҳуқуқий соҳадаги халқаро илмий тадқиқотларни такомиллаштириш каби мавзуларга бағишланган маърузалар тингланди. 

Тадбир якунида юридик фанлар соҳасида 12.00.01 – 12.00.14 ихтисослик шифрлари бўйича PhD ва DSc намунавий мавзулари тасдиқланди ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан чоп этилган юридик адабиётлар тақдимоти ўтказилди.  

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan