Долзарб масалалар муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Хабар қилинганидек, бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва ҳуқуқшунослик фанининг долзарб муаммолари” мавзусида анжуман ташкил этилди.

     Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очиб берди.

     “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш” масалаларига бағишланган биринчи сессияни профессионал модератор – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси, академик Акмал Саидов олиб борди.

     Жараёнда Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг илмий йўналиш раҳбарлари, юридик фанлари докторлари, профессорлардан иборат мамлакатимизнинг таниқли олимлари, жумладан Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи Жўрабой Тошқулов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими Омонбой Оқюлов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи Мирзаюсуф Рустамбаев ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоевларнинг долзарб масалалардаги маърузалари тингланди.

     Хусусан, “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб муаммолари” мавзусида маъруза қилган Фозилжон Отахонов Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар” қисмида иқлим ўзгаришлари, экологик бўҳронлар, Орол ва она табиатни асраш зарурати голобал муаммолар сифатида батафсил баён қилиниб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар белгиланганини алоҳида таъкидлади.

     Шунингдек, Тараққиёт стратегиясининг олтинчи устувор йўналишидаги 79 ва 80-мақсадларда назарда тутилган экологик муаммоларни бартараф этиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, еттинчи устувор йўналишдаги 94-мақсадда кўрсатилган Марказий Осиёда экология, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш вазифалари, бундан ташқари, Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг бу борадаги 8 та мақсадига тегишли 14 та вазифа моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлари билан ўртоқлашди.

     Анжуманнинг иккинчи сессияси “Мамлакатда юридик фанларни ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва ҳамкорлик истиқболлари”га бағишланди.

     Тадбир давомида юридик фанлар бўйича намунавий мавзулар кўриб чиқилди, шунингдек “Ўзбек юридик атамаларининг изоҳли луғати” ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан чоп этилган бошқа адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтди.

     Якунида, юридик фанлар ривожига доир илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan