Рақамли имзодан фойдаланиш янада қулай бўлади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Маълумки, мамлакатимизда электрон рақамли имзо (ЭРИ)нинг жорий этилиши рақамлаштириш соҳасидаги муҳим ўзгаришлардан бўлди. Шунинг билан бирга, электрон рақамли имзодан фойдаланишда бир қатор камчилик ва ноқулайликлар борки, булар албатта, ундан фойдаланувчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, юридик шахсларга электрон рақамли имзодан юридик шахснинг муҳри (штампи) ва вакилининг имзоси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд эмас, очиқ калит инфратузилмаси ривожланмаган, марказлашган ҳолда ишончли сақлаш (булутли технология) тизимидан фойдаланиш имконияти яратилмаган ва ЭРИ эгалари ахборот ташувчи мосламаларни доимий равишда ўзлари билан олиб юришга мажбур бўлиш каби бир қатор камчиликлар кузатилмоқда. Қолаверса, мамлакатимизда хорижий ЭРИни тан олиш ёки Ўзбекистон ЭРИсини чет элда тан олиш имкониятини таъминловчи норма мавжуд эмас.

Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш электрон рақамли имзодан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қонундаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида қонунга бир қатор ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. Бу билан ЭРИдан фойдаланиш амалиёти сақлаб қолинган ҳолда қўшимча қулайликлар яратиш кўзда тутиляпти. Қонун лойиҳасида бир қатор янги қоидалар, жумладан, вақт штапми таърифи киритилиб, унда ЭРИ билан имзоланган, имзоланаётган ахборотга бевосита алоқадор ва имзоланаётган ҳужжатнинг кўрсатилган вақтда мавжудлигини тасдиқовчи электрон ҳужжат шакли эканлиги кўрсатилган.

Шунингдек, “электрон ҳужжат” таърифига вақт штапми тушунчаси электрон рақамли имзо қўйилган электрон ҳужжатнинг мажбурий атрибути сифатида киритилган ва бу имзоланган ҳужжатда вақт штампи мавжудлиги ЭРИнинг амал қилиш муддатини узайтиришга имкон беради.

Яна бир ҳолат шундаки, ҳозирги вақтда ёпиқ ва очиқ ЭРИ калити яратиш, ЭРИ калити сертификатини бериш бевосита рўйхатга олиш марказлари томонидан амалга оширилиб, бу республика бўйлаб электрон рақамли имзодан фойдаланиш кўламини чекламоқда. Шу боис, қонун лойиҳасида бўйсунувчи рўйхатга олиш марказларини ташкил этиш таклиф этилган. Ушбу янгилик очиқ калит инфратузилмасининг самарали ривожланишига олиб келади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида “ишончли учинчи томон” тушунчаси киритилган. Ишончли учинчи томон ёрдамида мамлакатимизда хорижий электрон рақамли имзони тан олиш ёки Ўзбекистон электрон рақамли имзони чет элда тан олиш функциялари бажарилишини кўзда тутади. Бу билан бошқа давлатлар билан трансчегаравий ўзаро ҳамкорликда ЭРИдан фойдаланиш кўламини чеклаш ҳолатлари бартараф этилади. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларда ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги (ID-карталар)да фойдаланиш учун ЭРИдан фойдаланиш кўзда тутилган.

Қизғин муҳокамалардан сўнг,  “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилиш кун тартибида кўрилган бошқа масалалар бўйича ҳам фракция аъзолари электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan