Ҳаётимизда жисмоний тарбия ва спортнинг тутган ўрни беқиёс. Чунки у инсоннинг руҳан ва жисмонан етук бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилмоқда.
Хусусан, сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдони, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди. Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида юртдошларимиз Олимпиада ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.
Таъкидлаш жоиш, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 февралдаги фармон ва қарорига биноан, Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилган эди. Унинг энг муҳим вазифаларидан бири эса болалар ва ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришдир. Видеоселекторда мазкур йўналишдаги режалар тақдимот қилинди.
Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Эндиликда, энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.
Бундан ташқари, йиғилишда маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ҳудудларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишларига хизмат қилади.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси