Ҳар йили 7 апрель куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида “Бутунжаҳон саломатлик куни” кенг нишонланади. Хусусан, юртимизда ҳам бу санада ўзига хос тадбирлар, турли акциялар ўтказилади.
Шу ўринда, аҳолининг саломатлигини сақлаш давлатимиз сиёсатининг энг асосий йўналишларидан бири эканлигини, шунингдек сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур соҳада қабул қилинаётган бир қатор фармон ва қарорлар, илгари сурилаётган таклифлар ҳамда ташаббуслар аҳолимиз саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этиши билан бир қаторда мамлакатимиз тиббиёти ривожи учун хизмат қилмоқда. Буни, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган 100 та мақсаддан 14 таси бевосита аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилганидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, стратегияда белгиланган “Аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш” мақсади бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириш режалаштирилгани ҳам аҳоли саломатлигини сақлашда экологик барқарорликни таъминлаш муҳим ўринга эга эканлигидан далолат беради.
Шунингдек, жорий йил 18 март куни давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида юртимизда тиббиётни ривожлантириш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар билан биргаликда, тиббиёт соҳаси ривожи учун тўсиқ бўлаётган муаммолар, уларнинг ечимлари бўйича конструктив таклифлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларни белгилаб берилди.
Мазкур тадбирда инсон саломатлиги 19 фоиз – ташқи муҳитга, 20 фоиз – генетик омилларга, 9 фоиз – соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқлиги, соғлом турмуш тарзи орқали касалликнинг олдини олишга кўпроқ эътибор бериш зарурлиги, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланадиган одам ҳеч қандай давога муҳтож бўлмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ҳақиқатан ҳам, саломатлигимиз асосан ўз қўлимизда эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Шу билан биргаликда, очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан қабул қилинган йўл харитасида жамиятда соғлом турмуш тарзини шаклалантириш ва тўғри овқатланишни тарғиб қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгиланганлиги ҳам халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Инсон саломатлигини мустаҳкамлашда жисмоний тарбиянинг, оммавий спортнинг ўрни беқиёслиги ҳеч кимга сир эмас. Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш аҳолимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбари раислигида 1 апрель куни ўтказилган ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Қайд этилганидек, сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди. Тараққиёт стратегиясида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, соҳада “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аҳолимиз саломатлигини таъминлашга қартилган.
Хайрулло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
ЎзЭП фракцияси раҳбари