Аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1948 йил 7 апрель куни ташкил топган. Шу боис, ҳар йили сайёрамизнинг барча мамлакатларида 7 апрель “Бутунжаҳон саломатлик куни” сифатида байрам қилинади, турли акция ва тадбирлар ўтказилади. Хусусан, юртимизда ҳам кенг аҳоли қатламини қамраб олувчи турли амалий-тарғибот тадбирлар, хусусан учрашувлар, давра суҳбатлари, кичик марафон, спорт мусобақалари ташкил этилади.

2022 йил 7 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмиталари ҳамкорлигида ушбу санага бағишланган “Соғлом турмуш тарзи — фаровон ҳаёт асоси” мавзусида амалий тадбир ташкил этилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Девони ходимлари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши барча дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди. Коронавирус инфекцияси аввало, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди.

Бундан жиддий хулоса қилган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмасликни, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантириш зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Қайд этилганидек, жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида мамлакатимизда кенг ташкилий-хуқуқий асослар яратилди, молиявий манбалари белгилаб берилди.

Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур соҳага оид 30 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинди, хукумат дастурлари ишлаб чиқилди. Хусусан, спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг ташкил этилиши соҳанинг ташкилий масалаларини тубдан ислоҳ қилиш имконини яратди.

Шунингдек, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича кенг имкониятлар яратилди, таъминотнинг молиявий манбалари ҳал этилди. Хусусан, 2021 йилдан 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши йўлга қўйилди. 2021 йилда биргина микронутриент кукуни харид қилиш учун давлат бюджетидан 21,4 млрд.сўм маблағ йўналтирилди.

Бундан ташқари, Президент фармойиши билан тасдиқланган давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир “йўл харитаси”га асосан жорий йилнинг 25 март – 25 апрель кунлари “Соғлом ҳаётга қадам ташла” оммавий информацион-профилактик ойлиги ўтказилиши мамлакат миқёсида фуқароларимизнинг саломатликларини тиклашда ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Амалий тадбирда тиббиёт ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаштириш, зарарли одатларга қарши курашиш, бу борада аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, “Саломатлик майдонча”ларини ташкил этиш борасида маърузалар қилинди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан йўлланган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan