Жорий йилнинг 8 апрель куни Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасидаги Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ва депутат ёрдамчиларига “Депутат ёрдамчиси: хорижий ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.
Тадбирни Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси: фаолияти ва унинг асосий йўналишлари” мавзусидаги маъруза билан очиб берди. Маърузада миллий парламентимиз ривожланишининг қисқача тарихи, бугунги куни ва парламентнинг ролини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси З.Худайбердиев тингловчиларга “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда фаолият йўналишлари” мавзусида маъруза қилиб, депутатлик фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумотлар берди. Шунингдек, Дания мамлакати парламенти мисолида парламент депутати фаолиятининг самарадорлигини оширишда депутат ёрдамчиларининг тутган ўрни ва фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтди.

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Н.Алимов “Депутат ёрдамчисининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, партия ва депутат билан ўзаро алоқалари” мавзусидаги маъруза билан ўқувни давом эттириб, депутат ёрдамчисининг “депутат-партия-парламент” тизимли муносабатларидаги аниқ вазифа ҳамда йўналишлари хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, депутат ёрдамчиларининг ижтимоий тармоқлар билан ишлашда амалий кўникмаларга эга бўлишлиги, депутат фаолиятини ёритишда замонавий PR технологияларни қўллаши зарурлиги хақида тавсиялар берди.
Бундан ташқари, маъруза давомида Н.Алимов томонидан депутат ёрдамчилари жойларда электорат билан учрашувларни ташкил этишда эътибор қаратишлари зарур бўлган ҳолатлар, сайловчиларни депутат фаолиятига қизиқтиришнинг таъсирчан усуллари ва депутат ёрдамчиларининг функционал вазифалари нималардан иборат эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

БМТ ўқув маркази раҳбари Ғ.Маҳаммаджонов “Депутат ёрдамчиси: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги тақдимотида қизиқарли мисоллар билан тингловчиларни хорижий ва миллий тажриба билан таништириб ўтди. Хусусан, аксарият Европа мамлакатлари парламентларида депутат ёрдамчиларига қўйилган талаблар, жумладан, уларнинг олий маълумотли бўлиши, ўзи фаолият кўрсатаётган ҳудуднинг вакили бўлиши ҳамда парламент ва ўлка кенгашлари йиғилишларида иштирок этишлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўқувлар якунида ЎзЛиДеП партиясидан Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг ҳудудлардаги ёрдамчилари билан жонли мулоқот шаклида савол-жавоблар ўтказилди.