Музейдан кейинги ўйларим… – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар

     Темурийлар тарихи давлат музейига меҳнат жамоамиз билан бирга бордим. Бугун Соҳибқироннинг таваллуд куни бўлгани сабабли у ерда одам кўп жамланган, каттагина тадбир уюштирилган.

     Музейни айландим. У ердаги ҳар бир буюм, сурат инсонни ўтмишга етаклайди.

     Гўё мозийга саёҳат қилдим… Музейдан бир олам таассуротлар билан қайтдим…

     Қайтгач, кўнглимни алланечук мулоҳазалар чулғаб олди. Қаранг, музейда экспонат сифатида қўйилган кўпгина буюмлар, китобларнинг асл нусхалари Берлин, АҚШ, Россия музейларида ҳам сақланади. Кўнглимда кемтиклик туйдим… қанийди, аждодларимиз мулки юртимизга қайтарилса!

     Шу онда “Соҳибқирон узуги” ҳақида эшитган қуйидаги маълумот ёдимга тушди:

     “Амир Темур 1405 йил 18 февраль куни Ўтрор шаҳрида вафот этади. Васиятига биноан, оти, қиличи ва муҳрли узуги Хуросон пойтахти Ҳиротдаги суюкли ўғли Шоҳруҳ мирзога берилади. Сароймулкхоним, Амир Шоҳмалик, Амир Шайх Нуриддинлар васиятни бажаришади. Шундан кейин бу узук авлоддан-авлодга ўтиб, ниҳоят, Ҳусайн Бойқарога насиб этади. Бойқаро Шайбонийхонга қарши урушга кетаётиб, Бобо Илоҳий мавзесида қўққисдан вафот этади. Уни яширин равишда ўша ерга дафн қилишади. Ҳарчанд уринишмасин, унинг қўлидаги узукни чиқариб олишолмайди. Бармоғини кесиб олишга изн беришмайди. Шу тариқа узук Бойқаро қўлида қолиб кетади. 1965 йилга келиб, Афғон подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро қабрларини очиб, илмий текширишларни амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилади. Аслида унинг мақсади Бойқаро қўлидаги узукка етишиш эди. Олимлар қабрни очишиб, Бойқаронинг кўрсаткич бармоғидаги узукни олишади ва Зоҳиршоҳга беришади. Узук 1973 йилга қадар унда қолади. Шу йили Зоҳиршоҳ Италияга келганида, юртида жияни Муҳаммад Довуд давлат тўнтариши қилиб, ҳокимиятни қўлга олади. Саройда қолган узукни эса сарой бош қўриқчиси Муҳаммад Зиё олиб, Австрияга қочиб кетади. Узукка Лувр ва Британия музейлари харидор бўлишади. Лекин нархига келишишолмайди. Шундан кейин узук ҳам, Муҳаммад Зиё ҳам изсиз йўқолади. Австрия полицияси оёққа туради. Ҳарчанд излашмасин, на узукни, на эгасини топиша олади. Орадан уч йил ўтибгина узукнинг дараги чиқади. Узук америкада – Нью Йорк “Метрополитен” музейида пайдо бўлади.

     Амир Темур музейида нусхаси сақланаётган, Буюк Соҳибқироннинг муборак “Куч – адолатдадир” деган муҳрли узуги тақдири мана шундай кечган…”

      Дарҳақиқат, Амир Темур беқиёс шахс, Ўрта Осиёда қудратли марказлашган давлатни қарор топтирган буюк саркарда. Зеро, 35 йил давомида мамлакатни бошқарган соҳибқирон бобомиз Ҳиндистон ва Хитойдан Қора денгизгача, Орол денгизидан Форс қўлтиғигача бўлган улкан салтанатга асос солган саркарда сифатида нафақат Хуросон ва Мовароуннаҳр, балки бутун жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди.

      “Куч – адолатда” шиорини ўз фаолиятининг мазмунига айлантирган ва шунга ҳамоҳанг сиёсат олиб борган Амир Темур ижтимоий тараққиётда чуқур из қолдирган шахс сифатида нафақат бир миллат, балки инсоният тарихида абадий қолди.

 

Зебинисо Шербоева,

Институт етакчи илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan