Шу йилнинг 9 апрель куни халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилган.
Унда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ҳам иштирок этди.
Навбатдан ташқари ташкил этилган Кенгаш йиғилишида Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган Олимжон Нурматов соғлиғи ёмонлашгани туфайли унинг ўрнига туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Ихтиёр Қосимов туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.
Сессия ишида сенатор Қ.Бурхонов сўзга чиқиб, вилоятда, хусусан Ўрта Чирчиқ туманида олиб борилаётган йирик ўзгариш ҳамда янгиланишларга тўхталиб, бу борадаги ишлар келгусида ҳам туман ҳокими бошчилигида жадал суръатда давом эттирилиши кераклигини билдирди.
Бундан ташқари, Қ.Бурхонов шу йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш борасидаги ишлар, уни ташкил этиш ва ўтказиш, сайловда муносиб номзодларни кўрсатиш борасида сўз юритиб, ўз тавсияларини берди.
Ўз навбатида, сессия жараёнида ҳокимлик халқ депуталари ўртага ташланадиган таклиф ва мулоҳазаларга эътибор қаратган ҳолда иш фаолиятини олиб бориши кераклиги қайд этиб ўтилди.
www.senat.uz