Германия Ўзбекистондаги ислоҳотларни доимо қўллаб-қувватлайди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Институт Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шуъбаси мудири Ж.Худоберганов ҳамда Фридрих Эберт номидаги фонднинг Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари бўйича минтақавий директори К.Мор ва Фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Б.Раджабовлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

     Музокаралар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган истиқболли режалар муҳокамасига бағишланди.

     Тадбирда Ф.Отахонов 2021 йилда Институт томонидан эришилган натижалар ҳақида маълумот бериб, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасидаги жорий йил ҳамкорлик режаларига тўхталди.

     Институтнинг қонун лойиҳалари бўйича илмий хулоса бериш, парламент фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, Институт тузилмасидаги Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази томонидан режавий ўқувларни ташкил қилиш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.

     Ўз навбатида, К.Мор “Ўзбекистонда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни Германия доимо қўллаб-қувватлайди. Нега? Чунки Германия Ўзбекистонга ишонади, шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар чуқур стратегик шериклик даражасига кўтарилди ва бу икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида, биринчи навбатда, парламентлараро алоқаларда яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Германияга юқори даражадаги ташрифи ва Германия Федерал Президенти Ф.В.Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига янада туртки берди. Бу, шубҳасиз, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашга бўлган қизиқишининг исботидир” дея фикр билдирди.

     Институтнинг Парламентаризм ва электрон парламент, парламент назорати соҳаларидаги тадқиқотларни янада ривожлантиришга доир Германия тажрибаси юзасидан ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш бўйича масалалар муҳокама марказида бўлди.

     Шу билан бирга, К.Мор томонидан мамлакатимизда юқорида қайд этилган ислоҳотлар доирасида Институтга парламентнинг чинакам “ақл маркази” сифатида муҳим ва долзарб масалаларда парламент вакиллари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича фаолиятига алоҳида тўхталиб, бу борада Фонд Институт билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

     Учрашув якунида 2022–2023 йилларда Институт ва Фонд ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan