Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Олтинчи даврий ҳисоботи ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг бажарилиши юзасидан Учинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳукумат делегацияси аъзоларининг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш Қўмитасининг 81 сессияси доирасида 2022 йил 15-16 февраль кунлари Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Олтинчи даврий ҳисоботи ҳамда БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий хуқуқлар бўйича қўмитасининг 71 сессияси доирасида 2022 йилнинг 22-24 февраль кунлари Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг Ўзбекистон томонидан бажарилиши юзасидан Учинчи даврий ҳисоботи эшитилишлари бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов ҳамда Сенатда доимий асосда ишловчи бир қатор сенаторлар ҳам иштирок этди.
Йиғилишда делегация аъзолари даврий ҳисобот, БМТ қўмиталарининг олдиндан тақдим қилинган саволларига берилган ёзма жавоблар, БМТ қўмиталарининг якуний хулосалари, шунингдек, бошқа манбалардан олинган ахборотлар, жумладан БМТ муассасалари, халқаро ташкилотлар, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг муқобил ҳисоботларига асосланган жавоблар тақдим этганлигини маълум қилди.
Қўмита аъзолари томонидан Ўзбекистон даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича сўнгги беш йил давомида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни баҳолашда ижобий динамика кузатилаётганлигини эътироф этилди.
Хусусан, мулоқот давомида Қўмита аъзолари инсон ҳуқуқлари тузилмаларининг мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор эканини кўрсатди. Қўмита аъзоларининг аксарияти Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳоладилар.
Ўзбекистон Республикаси даврий ҳисоботи бўйича Қўмитанинг якуний хулосалари ва тавсиялари қабул қилиниб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси сайтида эълон қилинди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида 2021 йиллда амалга оширилган ишлар бўйича ахборотини тақдим этди.
Кун тартиби бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг тавсияларини амалга ошириш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси юзасидан ахборот берди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилди.