Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида “Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли” II форуми ташкил этилди.
Унда сенаторлар ва депутатлар, палаталар ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, миллий, хорижий ва халқаро экспертлар, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Онлайн ва офлайн олиб борилган халқаро форум Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Пьер фон Аркс томонидан кириш сўзи билан очиб берилди.
Форум иши:
“Хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш ва ижтимоий ҳаётда гендер балансига эришиш масалалари”;
“Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни ташкил этишда аёл сенатор ва депутатларнинг роли”;
“Атроф-муҳит муаммоларини ҳал этишда ва экологик сиёсат юритишда аёлларнинг роли”;
“Жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг таъсирчан фаолиятини кенгайтиришда лидер аёлларнинг ўрни ва ролини мустаҳкамлаш” масалаларига доир тўртта муҳим йўналишга қаратилди.
Форумнинг:
биринчи йўналишга доир қисмини модератор – Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова олиб борди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Зуҳра Ибрагимова, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий ишловчи сенатор Гулнора Маруфова, халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Зулфия Туйева, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бўлими раҳбари Юлия Нетесова маърузалари тингланди;
иккинчи йўналишга доир қисмида Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Ходжаева модераторлик қилди ҳамда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Санобар Суярова, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов, Сенат аъзоси Энахон Сиддиқова, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Райхон Каримова томонидан маърузалар қилинди;
учинчи йўналишга доир қисми модератор – Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Ташмухамедова томонидан олиб борилди ҳамда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси аъзоси Арал Атаниязова (онлайн), Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Моҳира Ходжаева, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гавҳар Ризаеванинг маърузалари эшитилди;
Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева модераторлик қилган тўртинчи йўналишга доир қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Матлуба Ғаниева, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Дилбар Мамажонова, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Нилуфар Нурматова, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Камола Одилжоновалар маъруза қилишди.

“Парламент ва жамоатчилик назорати институтларини янада ривожлантиришда сенатор ва депутат аёлларнинг фаоллигини ошириш” мавзусида маъруза қилган Ф.Отахонов сенатор ва депутат аёлларнинг парламент ва жамоатчилик назорати институтларини ривожлантиришдаги фаоллигини янада ошириш масалаларига доир қуйидаги таклифларни билдириб ўтди:
биринчидан, парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмларини самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларда фуқаролар иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш мақсадида сенатор ва депутат аёлларнинг ўз сайлов округлари ҳудудидаги маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари билан доимий равишда алоқа ўрнатиш (жумладан телеграмм гуруҳлари очиш) ҳамда улардан хотин-қизларнинг муаммолари тўғрисида тизимли равишда ахборот олишни йўлга қўйиш;
иккинчидан, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида, парламент назорати тадбирларида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари вакиллари, шу жумладан депутат аёллар иштирокини, уларнинг фикрларини олиш амалиётини жорий қилиш;
учинчидан, коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини олиб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тадбирларни тизимли равишда ташкил қилиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўриш;
тўртинчидан, Парламент ва халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағларни, субсидия, грант ва ижтимоий буюртмани оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш билан шуғуланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларга йўналтириш устидан мониторинг олиб боришни йўлга қўйиш;
бешинчидан, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик ва парламент назоратини уйғунлаштирувчи янги тизим жорий этиш;
олтинчидан, Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий ички ишлар органларида тузилаётган Жамоатчилик кенгашларида гендер тенглигини таъминлаш орқали тизим фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
еттинчидан, парламент назорати институтини ривожлантиришда сенатор ва депутат аёлларнинг одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда журналист ва блогерларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш тизимини яратиш;
саккизинчидан, хотин-қизларга бирламчи бепул юридик ёрдам бериш тизимини йўлга қўйиш мақсадида “Хотин-қизларга мадад” ҳуқуқий ахборот порталини нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ташкил қилиш;
тўққизинчидан, халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини қонунда батафсил белгилаб кўйиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш жараёнига хотин-қизларни кенг жалб қилиш лозим.

Форум якунида унда кўриб чиқилган 4 та муҳим йўналишга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.