Ўзбекистонда аҳоли бандлигини ҳуқуқий тартибга солиш ва такомиллаштириш истиқболлари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 14 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистонда аҳоли бандлигини ҳуқуқий тартибга солиш ва такомиллаштириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Қайд этилганидек, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи муҳим устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Сўнгги йилларда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 га яқин Фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Семинарда айтиб ўтилганидек, аҳоли бандлигини таъминлашда, меҳнат бозорини шакллантириш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентлиги тўғрисида”ги қонунлари мустаҳкам ҳуқуқий асос, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Меҳнат қонунчилигини замон талаблари асосида такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ҳамда “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга маъқуллаш учун юборилди.

Бугунги кунда иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, етакчи тармоқларни модернизациялаш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу, ўз навбатида, ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли, авваламбор ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар доирасида қатор янги меҳнат муносабатлари кириб келмоқда. Жумладан, пандемия шароитида масофавий иш усули жорий қилиниб, унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмаслиги қонунчиликда белгиланди.

Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида ёшларга 1 гектардан ер ажратиш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларга ишлаш имконини берувчи қонуний асослар яратилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бориши натижасида меҳнат бозорига минглаб ёшлар кириб келмоқда. Янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилмоқда. Миллий иқтисодиётимизга янги тармоқ ва йўналишлар кириб келмоқда. Қишлоқ хўжалигида илгари умуман бўлмаган янги институтлар, яъни кластер ва кооперациялар пайдо бўлди.

Натижада меҳнат бозорида янги соҳа кадрларига бўлган эҳтиёж кундан-кунга ортмоқда. Бу, ўз навбатида, янги соҳа ва йўналишларда фаолият юритувчи мутахассислар тайёрлашни ҳам тақозо этади.

Семинарда сўзга чиққан Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов меҳнат бозорини тартибга солиш орқали аҳоли бандлигини самарали таъминлаш, юзага келаётган янги меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларни илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилиш, аҳоли бандлигини тартибга солишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ўта долзарб вазифа эканлиги таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари янги соҳа ва йўналишларда фаолият юритувчи мутахассислар тайёрлаш, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб меҳнат бозорининг қонуний асосларини такомиллаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим масала эканлигини алоҳида қайд этишди.

Семинарда аҳоли бандлигини таъминлаш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан олимлар, экспертлар, етакчи мутахассислар томонидан илмий-ҳуқуқий ва амалий таклифлар берилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблар тарзида ўтган семинар якунида мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга оид тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan