Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда аҳоли бандлигини ҳуқуқий тартибга солиш ва такомиллаштириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Тадбирни Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов кириш сўзи билан очиб берди ҳамда модератор – палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Ходжаева олиб борди.
Анжуманда парламент депутатлари, мутасадди вазирликлар ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Семинар ишида “Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги Давлат сиёсати ва мазкур соҳани ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси: амалиёт ва муаммолар”, “Меҳнат ресурсларини ривожлантиришда касбий малакалар ва кўникмаларнинг роли”, “Аҳолининг унумли бандлигини ошириш асосида камбағалликни қисқартиришнинг илмий -услубий асослари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Муҳокамаларда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов Янги Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар моҳиятини очиб беришга қаратилган аниқ ҳаётий мисоллар келтирган ҳолда бу борадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, шу жумладан оилавий меҳмонхоналар фаолиятини ривожлантириш, миришкор деҳқонлар ва боғбонларни тренер сифатида танлаб олиш ҳамда уларни хорижий давлатларга ўқув машғулотлари олиб бориш учун юбориш амалиётини жорий қилиш хусусида таклифлар билдирди.