Хитой ва Марказий Осиё давлатлари сиёсий партияларининг учинчи форуми бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 14 апрель куни “Ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ривожланиш йўлидан қатъий бориш: сиёсий партияларнинг вазифаси ва масъулияти” мавзусида Хитой ва Марказий Осий давлатлари сиёсий партияларининг учинчи форуми видеконференц алоқа шаклида ўтказилди.

Мазкур форум жорий йилнинг 25 январь куни бўлиб ўтган дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида эришилган келишувларни бажариш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Хитой Коммунистик партияси, Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари ва сиёсий партияларидан 60 га яқин иштирокчи қатнашди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Хитой ва Марказий Осий давлатларининг ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқди. Хусусан, парламентлараро алоқалар янада мустаҳкамланмоқда, сиёсий партиялар ўртасидаги алоқалар кенгаймоқда, ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик жадал тус олмоқда.

Форумда Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорлик якунларига, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларга эътибор қаратилди. Кўп қиррали, шу жумладан парламентлараро ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, келгуси истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ўз нутқида форум иштирокчиларини юбилей сана билан қутлаб, Ўзбекистон ва Хитой ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги кўп томонлама стратегик муносабатлар, шу жумладан парламентлараро алоқалар ўтган даврда жадал ва барқарор тус олганини таъкидлади. Шунингдек, форумда юртимиздаги бешта сиёсий партиянинг вакиллари ҳам қатнашиб, маъруза қилишди.

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, ушбу форум дунёнинг каттагина қисмини эгалллаб турган давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-маърифий алоқалар ривожланишини янги поғонага кўтаради. Жумладан, парламентларда қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳам қонунларни янада мукаммал ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди, партиялараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқади.

Мазкур форум юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг бевосита хорижий давлатлардаги сиёсий партиялар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришишга хизмат қилади.

Онлайн учрашувда Марказий Осиё ва Хитой халқларини янада яқинлаштириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Форум якунида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой сиёсий партиялари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар ва таклифлар билдирилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan