Коррупцияга қарши курашишда парламентнинг роли – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Коррупция лотинча “сorrumpere” сўзидан олинган бўлиб, “бузмоқ” деган маънони билдиради. Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишни англатади.

Юртимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Соҳибқирон Амир Темур ўз салтанатида давлат хизматчиларининг маошини ошириб бориши баробарида, коррупцияга қўл урган шахсларни қаттиқ жазолаган. У коррупцияга қарши жамоатчилик назоратини кучайтиришга интилган. Аҳоли вакиллари билан суҳбатлар олиб бориб, улардан жойлардаги раҳбарларнинг адолатсизликка йўл қўйиши, таъмагирлик қилиши ҳолатларини аниқлаган ҳамда уларни холисларнинг кўз ўнгида жазолаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, коррупция дунё иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтиради. Бу эса дунё ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизини ташкил этади. Коррупция мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётига салбий оқибатлар келтириб чиқаради.

Бугунги кунда дунёда коррупция турли шаклларда намоён бўлмоқда. Пора, мансабдор шахсни “сотиб олиш”, “устама ҳақ” олиш, давлат ресурсларини ўзлаштириш, растрата, таниш-билиш йўли билан ўз яқинларини лавозимга тайинлаш, давлат функцияларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви, муайян масалани ҳал этишда қимматбаҳо совғалар бериш ва олиш, давлат хизматчисининг “бизнесга ноқонуний раҳнамолик” қилиши, мансабини суиистеъмол қилган ҳолда фуқароларда ҳуқуқини талаб қилиш истагини йўқотиш, суднинг мустақиллигига дахл қилиш, сунъий дефицит вужудга келтириш, сиёсатчиларнинг халққа “яхши киши бўлиб кўриниши” учун ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда давлат хизматларини кўрсатиши кабилар шулар жумласига киради.

Лекин, афсуски миллий қонунчилигимизда коррупцион жиноятлар тоифалари аниқ эмас. Биз кўпинча пора бериш ва пора олиш, ва шу каби бошқа жиноятларни коррупцион жиноят деб келамиз. Ваҳоланки, юқорида санаб ўтилганидек, тўғридан-тўғри моддий манфаатдорлик билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар ҳам коррупцион бўлиши мумкин.

Шу сабабли, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бош прокуратура билан ҳамкорликда Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Унга мувофиқ, Жиноят кодексининг саккизинчи бўлимини “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдириш ва унда коррупцион жиноятларни аниқ моддалари ва бандлари билан кўрсатиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан коррупцион жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилиб, жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш муддатлари оғир ва ўта оғир коррупциявий жиноятларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг 2008 йилда БМТ Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга замин яратди. Мамлакатимизда “коррупция” сўзи ишлатилган 210 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Албатта уларнинг барчасида ушбу сўз коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида ишлатилган.

Президентимизнинг “2018 йил 7 декабрь куни Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида) таклифи асосида 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси” ташкил этилди.

Қўмита коррупцияга қарши курашиш борасида парламентнинг асосий вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб 5 та йўналишда иш олиб боради. Авваламбор қонун ижодкорлиги фаолияти. Қўмита ҳар йили коррупцияга қарши курашиш ҳамда суд-ҳуқуқ масалаларига оид ўртача 40 та қонун лойиҳаларини олиб чиқади. Бу қуйи палата томонидан ҳар йили кўриб чиқиладиган қонун лойиҳаларининг 25-30 фоизи дегани.

Хусусан, Қўмита “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, 2021 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, давлат органларидаги бюрократиянинг олдини олишга қаратилган “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи ва бошқа қатор қонунларга масъул бўлган.

Шунингдек, Қўмита бошқа соҳадаги қонунларни ишлаб чиқилишида ҳам уларда коррупцион нормалар хавфининг олдини олиш нуқтаи назардан иштирок этмоқда. Масалан, “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этган.

Қонун ижодкорлигининг иккинчи йўналиши бу қонунларни коррупцияга шароит яратувчи нормалардан холи қилишдир. Ўтган давр мобайнида Қўмита парламентга кириб келаётган қонун лойиҳаларида аниқланган 40 дан ортиқ коррупциоген нормаларни аниқлаган ва уларни чиқариб ташлаш ёки ўзгартиришга эришган.

Қўмита томонидан амалдаги қонунлар ҳам коррупцияга қарши таҳлил қилиб борилмоқда. Жумладан, Қўмита амалдаги қонунларда 10 дан ортиқ коррупциоген нормаларни аниқлаб, улар юзасидан таҳлилий маълумот тайёрлаган ва бу масалада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш режасига киритиш чораларини кўрган.

Қўмитанинг иккинчи фаолият йўналиши бу парламент назорати ҳисобланади. Шу боис, ўтган давр мобайнида 20 дан ортиқ назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилган. Уларда соғлиқни сақлаш, қурилиш ва бошқа қатор соҳаларда бевосита жойларга чиққан ҳолда коррупциянинг олдини олишга оид қонунларнинг ижроси ўрганилган.

Учинчи фаолият йўналиши бу жойларда мулоқот ўтказишдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан таклиф этилган ушбу усул асосида депутатлар жойларга чиқиб, жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатлар билан мулоқотлар ўтказиб келмоқда. Мулоқот давомида ҳудудда коррупциянинг олдини олиш, одил судловни таъминлаш борасида кўтарилган масалалар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сессияларида кўриб чиқилган.

Тўртинчи фаолият йўналишимиз турли коллегиал органлар ишида иштирок этиш бўлиб, бу борада Қўмита аъзолари Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашини тузиш бўйича махсус комиссия, Жиноят ва Жиноят процессуал қонунчилигини такомиллаштириш комиссияси, Судьялар олий кенгаши, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича турли комиссиялар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва бошқа коллегиал органлар таркибида фаолият юритмоқда. Масалан, қўмита аъзолари Жиззах вилоятида Коррупцияга қарши курашиш маҳаллий кенгашлари фаолиятини ташкил этиш, уларга коррупцияни олдини олишда маъмурий превентив усуллардан фойдаланиш юзасидан услубий кўмак беришган.

Қўмитанинг яна бир фаолият йўналиши – бу коррупцияга қарши тарғибот бўлиб, ўтган давр мобайнида Қўмита аъзолари телевидение, радио, босма ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида 5 мингдан ортиқ чиқиш қилишган. Шунингдек, Қўмита томонидан 20 га яқин конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган. Қўмита аъзолари коррупцияга қарши халқаро форумларда маърузалар билан иштирок этишган.

Бундан ташқари, Қўмита илмий ҳамжамият вакиллари билан соҳага оид илмий-амалий таклифларни ҳам доимий муҳокама қилиб боради. Олимлар томонидан тақдим этилган таклифлар асосида Қўмита томонидан турли қонун лойиҳалари такомиллаштирилган.

Албатта биз “коррупцияга қарши иммунитет”ни ҳосил қилиш учун нафақат “коррупционер”, балки унинг атрофини ҳам “тозалашимиз”, аниқроғи коррупцияга шарт шароит яратувчи омилларни йўқотишимиз лозим.

Фикримизча, коррупцияга қарши курашиш учун қуйидаги 4 та таъсир воситалари баравар қўлланилиши керак. Дастлаб, ҳалол ишлашни рағбатлантирувчи таъсир. Бунда, муносиб маош, коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш, ҳалол инсонни юқори лавозимларга тайинлаш принципи татбиқ этилади.

Иккинчидан, “тўғон воситаси”, яъни коррупцияга шароит омилларни тўсувчи таъсир. Бунда, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини қисқартириш, ҳуқуқбузарликларни электрон қайд этиш, лавозимга очиқ танлов асосида тайинлаш, давлат хизматчиларининг ўз даромадини декларация қилиши, давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш, қонунчиликда коррупциоген нормаларни бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни бекор қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш муҳим роль ўйнайди.

Учинчидан, коррупцияга қарши маърифий таъсир. Бу жараёнда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, коррупцияга қарши назорат тизими. Бунда коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштирган ҳолда олиб бориш, коррупция учун қаттиқ жазо ва жавобгарликнинг муқаррарлиги, коррупция натижасида олинган мол-мулкни мусодара қилиш, коррупцион жиноят содир этганларни давлат хизматига қабул қилмаслик, коррупция ҳолатларининг “латент” бўлиб қолишини олдини олиш ҳамда коррупция йўли билан чиқарилган қарорларнинг бекор бўлиши, кучли жамоатчилик назорати, мансабдор шахсларнинг халқ олдида ҳисобдорлиги, коррупцияни фош этиш борасида профессионал тадқиқотлар олиб боришга қодир бўлган ННТ ҳамда “журналистик текширув”лари, “коррупцияга қарши ички аудит” тизимининг самарали ишлаши талаб этилади.

Умуман олганда коррупцияга қарши курашиш бу факат давлат органларининг иши эмас, балки бу борада жамоатчилик вакиллари ҳам бирдек ҳаракат қилсагина мақсадга эришиш мумкин бўлади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши 

курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan