Якунланаётган жорий ҳафта давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева муҳим сиёсий-ижтимоий тадбирларда иштирок этди. Шу нуқтаи назардан Сенат Раиси учун масъулиятли иш жараёни бўлди, дейиш мумкин.
12 апрель. Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги йиғилиши видеокоференцалоқа шаклида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Туркманистон Милли Генгеши Межлиси Раиси Г.Мамедова, Козоғистон Республикаси Парламенти Раиси ўринбосари Б.Кесембаева, Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитаси раиси Ҳ.Қурбонзода, Қирғизистон Республикасининг БМТдаги доимий вакили А. Касималиева, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Н. Герман, “БМТ-Аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори А.Эл-Яссир ҳамда яна бир қатор халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда Марказий Осиё давлатлари томонидан гендер тенгликни таъминлаш бўйича сиёсатни амалга оширишда эришилган ютуқлар юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар давомида Т.Норбоева 2022 йилда платформага Туркманистонни раислик қилаётгани билан табриклаб, иш фаолиятига улкан муваффақиятлар тилади. Шунингдек, Сенат Раиси мулоқот доирасида Марказий Осиёда гендер тенгликни таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилгани, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилганини қайд этиб ўтди.
13 апрель. Пойтахтимизда йирик халқаро анжуман — “Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли” мавзусидаги иккинчи форум бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, анжуманда парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражада 32 фоизни ташкил этаётгани, хотин-қизларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 27 фоиз, сиёсий партияларда эса 44 фоизга етгани алоҳида таъкидланди. Парламентлараро иттифоқнинг 2021 йилги “Сиёсатдаги аёллар” халқаро рейтингида Ўзбекистон хорижий мамлакатлар орасида 45-ўринни эгаллаб, топ-50 таликдан жой олганига урғу берилди.

14 апрель. Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Норбоева 2021 йил давомида эълон қилинган мамлакатимиз учун устувор бўлган жами 19 та халқаро рейтингнинг 11 тасида мамлакатимиз позицияси яхшиланганини таъкидлади.
Шунингдек, Сенат Раиси Кинематография агентлиги томонидан халқаро кинобозорлар рўйхатини шакллантириш ҳамда уларда иштирок этиш чоралари кўрилмаганини, Глобал инновациялар индексининг “Кўнгилочар ва медиа маҳсулотлари бозори” индикаторида мамлакатимизнинг ўрни икки йилдан бери акс этмаётганини танқид қилди. Бу борада Маданият вазирлиги ва Кинематография агентлиги бирор-бир таклиф бермаганини танқид остига олди.
15 апрель. Сенат Раиси Т.Норбоева Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг биринчи мажлисида иштирок этди.
Унда комиссиянинг низоми, 2022 йилги иш режаси, Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш Дастурини тасдиқлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил март ойида хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросининг бориши муҳокама қилинди.
Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш, гендер тенглик ва оилани қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди. 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ижроси муҳокама этилиб, масъул вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, Сенат Раиси ҳафта давомида ўз ваколати доирасидаги ишлар, муайян ҳужжатларни кўриб чиқиш каби фаолият билан машғул бўлди.