Бугунги кунда муҳтарама опа-сингилларимиз жамиятимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида, бошқарув тизимида, тадбиркорлик, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида, маҳаллаларда қанчалик фидокорона меҳнат қилиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз”. Шавкат МИРЗИЁЕВ |
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг бу борада катта ва ўрнак олиш зарур бўлган тажрибаси шаклланаётганлигидан далолатдир.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, миллий парламентимизда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди ва 32 фоизни ташкил этди. Хотин-қизларнинг бошқарув тизимидаги улуши 33 фоизни, тадбиркорлик соҳасида 25 фоизни ва олий таълимда 46 фоизни ташкил этади. Юртимиз бўйича 1,5 мингга яқин хотин-қиз мутахассислар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларига тайинланди.Ушбу рақамлар ортида муҳтарам Президентимизнинг “аёлларга яхшилик қилиш”, “аёлни бахтли қилиш”, “аёлга эҳтиром қўрсатиш” каби эзгу мақсадларга асосланган оқилона сиёсати турибди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бир сўз билан айтганда, аёл тақдири, бугуни ва келажаги учун давлат сиёсати даражасидаги юксак эътиборнинг ифодаси бўлган бундай шароитлар ва имтиёзлар мамлакатимиз тарихида ҳали бўлмаган.
Парламент назоратининг ҳуқуқий асослари, объекти ва субъектлари
Мамлакатимизда парламент назоратининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий қонунлари, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги ҳамда парламент палаталари регламентлари тўғрисидаги қонунларда белгиланган. 2017–2021 йиллар мобайнида парламент назоратини такомиллаштиришга қаратилган 13 та қонун қабул қилинган.
Амалдаги қонунга кўра давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объекти ҳисобланади.
Парламент назорати субъектлари қуйидагилардан иборат: 1) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси; 2) Олий Мажлис Сенати; 3) Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари; 4) Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари; 5) Қонунчилик палатаси депутатлари; 6) Сенат аъзолари; 7) Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).
Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари, объекти ва субъект-лари
Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республика-сининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида” (янги таҳрири), “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар билан тартибга солинади.
Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг: а) қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга; б) фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг ижро этилишини таъминлашга; в) ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажаришга; г) давлат хизматларини кўрсатишга; д) ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти жамоатчилик назоратининг объектидир.
Жамоатчилик назоратининг субъектлари қуйидагилардир: 1) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, 2) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 3) қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, 4) оммавий ахборот воситалари.
Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
…. ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоат ва парламент назорати тўғрисидаги қонунларни замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш каби ислоҳотлар тўғрисида ўйлаб кўриш керак Шавкат МИРЗИЁЕВ |
Тараққиёт стратeгиясида парламент назорати институтини ривож-лантиришга қаратилган вазифалар
«2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг “Мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш” деб номланган 7-мақсадида парламент назоратини такомиллаш-тиришга қаратилан қуйидаги вазифалар белгиланган:
Биринчи, барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш, қабул қилинган қонунларнинг амалиётда сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда парламентнинг иштирокини кенгайтириш.
Иккинчи, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмларини самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш.
Учинчи, Олий Мажлис палаталарида ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, шу жумладан масофавий ишлаш амалиётини кенг жорий қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурлари муҳокамасида тегишли ҳудуддан сайланган депутат ва сенаторларнинг иштирокини кучайтириш.
Тўртинчи, “Электрон парламент” доирасида депутатларни ўз сайловчилари билан, сенаторларни ҳудудлардаги фуқаролар билан боғлаш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш.
… халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини қонунда батафсил белгилаб кўйиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш лозим Шавкат МИРЗИЁЕВ |
Тараққиёт стратeгиясида жамоатчилик назорати институтини ривож-лантиришга қаратилган вазифалар
«2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» 12-мақсадида “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш”га қара-тилган қуйидаги вазифалар назарда тутилган:
Биринчи, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш.
Иккинчи, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш.
Учинчи, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва сайлов маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни қонунчиликка имплемен-тация қилиш ишларини давом эттириш.
Тўртинчи, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш.
Бешинчи, ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга ошириш.
Олтинчи, Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини етти баробарга ошириш.
Тараққиёт стратегиясининг 1-мақсади айнан – “Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш” – деб номланганлиги, шунингдек унинг 3, 4, 7, 14, 69, 83, 84-мақсадларида ҳам жамоат назоратини янада кучайтиришга қаратилган вазифалар белгиланганлиги мазкур институтга Янги Ўзбекистонда қанчалик катта аҳамият берилаётганлигини кўрсатмоқда.
Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаверади. Шавкат МИРЗИЁЕВ |
Хотин-қизларнинг, сенатор ва депутат аёлларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳамда фарзанд тарбиясидаги ўрнини теран англаган ҳолда уларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги имкониятларини янада кенгайтириш – улар фаоллигини оширишнинг муҳим мезони саналади. Очиқ айтиш керак, ҳеч биримиз табиий қонуниятлардан айро яшай олмаймиз. Мисол учун, битта оилада ундаги оила таркибининг ички дунёси, хусусиятлари, уларнинг ҳар бири нималарга қодирлигини ва бошқа икир-чикирларни, ўз навбатида, шу оила бюджетини режалаштириш, уни ҳар томонлама ривожлантириш ва бунинг учун оила аъзоларининг ҳар бирини қандай йўналтириш “сирларини” она, аёл ҳаммадан кўра яхши билиши, асосийси қалби билан ҳис қилиши ва ҳар бир оила аъзосининг ҳам қалбига кириб бора олиши оддий ҳақиқат.
Шу боис аёлларимиз ўз шахсига хос мана шундай юксак ҳислатлари билан давлат ва жамият бошқарувида ҳам нафақат раҳбар, бошқарувчи, таҳлилчи ва режалаштирувчи, балки табиатан оналарча меҳри билан ўзи фаолият юритаётган ёки масъул бўлган ҳар қандай соҳада ҳаётий тарбиячи, шу билан бирга мувозанатни (балансни) ушлаб турувчи ҳамдир. Шу ўринда “Бир ўғилни тарбияласанг бир инсонни тарбиялайсан, бир қизни тарбия қилсанг бутун жамиятни тарбиялаган бўласан” деган ҳикмат нақадар тўғрилигига яна бир бор амин бўламиз. Зеро, аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва ижтимоий фаоллик даражаси ҳар қандай давлат тараққиётида муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.
Сенатор ва депутат аёлларнинг парламент ва жамоатчилик назоарти институтларини ривожлантиришдаги фаоллигини ошириш йўллари
Биринчидан, парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмларини самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчи-ликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш мақсадида сенатор ва депутат аёлларнинг ўз сайлов округлари ҳудудидаги маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари билан доимий равишда алоқа ўрнатиш (жумладан телеграмм гуруҳлар очиш) ҳамда улардан хотин-қизларнинг муаммоларини тўғрисида тизимли равишда ахборот олишни йўлга қўйиш лозим.
Иккинчидан, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида, парламент назорати тадбирларида маҳаллий Кенгаш-лардаги партия гуруҳлари вакилларининг, шу жумладан депутат аёлларни иштирок этиши, уларнинг фикрларини олиш амалиётини жорий қилиш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини олиб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тадбирларни тизимли равишда ташкил қилиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўриш лозим.
Тўртинчидан, Парламент ва Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағларни, субсидия, грант ва ижтимоий буюртмани оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш билан шуғуланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларга йўналтириш устидан мониторинг олиб боришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Бешинчидан, “Аёллар дафтари“ билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик ва парламент назоратини уйғунлаштирувчи янги тизим жорий этиш яхши самара беради.
Олтинчидан, Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий ички ишлар органларида тузилаётган Жамоатчилик кенгашларида гендер тенглигини таъминлаш орқали тизим фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим.
Еттинчидан, парламент назорати институтини ривожлантиришда сенатор ва депутат аёлларининг одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда журналист ва блогерларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш тизимини яратиш ўринлидир.
Саккизинчидан, хотин-қизларга бирламчи бепул юридик ёрдам бериш тизимини йўлга қўйиш мақсадида “Хотин-қизларга мадад” ҳуқуқий ахборот порталини нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.
Тўққизинчидан, халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини қонунда батафсил белгилаб кўйиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш жараёнига хотин-қизларни кенг жалб қилиш лозим.
Фозилжон ОТАХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори, профессор