Қонун лойиҳасида қандай нормалар белгиланмоқда? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 18 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Миллий географик ахборот тизимини юритиш соҳасидаги махсус ваколатли орган ҳисобланиши белгиланмоқда. Ушбу масалада хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганлиги, барча ривожланган мамлакатларда давлат кадастрини географик ахборот тизими ёрдамида юритиш геодезия, картография соҳасидаги давлат органи ёки ташкилотига юклатилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, хориж мамлакатларида ҳудудлар кадастри алоҳида эмас, балки марказлаштирилган тарзда юритилиши, бу ўз навбатида ҳар бир ҳудудда маълумотларни қайта ишлаш марказини яратиш, мутахассисларни жалб қилиш каби ортиқча харажатларни камайтириш имконини беради.

Фракция аъзолари таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси ва унинг айрим ҳудудлари табиий-иқтисодий салоҳиятининг ягона умумдавлат ҳисоб-китоби юритилишини, баҳоланишини таъминлашга қаратилган ахборот тизимлари, уларда сақланадиган, юритиладиган маълумотларнинг аниқлигини оширишга хизмат қилади. Савол-жавобларга бой бўлган тадбирда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan