Жорий йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Минтақавий ўқув маркази билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси – инсон қадрини улуғлаш йўлидаги ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори” мавзусида Тараққиёт стратегиясининг йўналишларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Минтақавий ўқув маркази раҳбари ўринбосари подполковник, Ж.Мирзалиев очиб берди ҳамда Тараққиёт стратегиясининг еттинчи йўналишига алоҳида тўхталиб халқ фаровонлиги ва тинчлиги учун хизмат қилиш олий бурч эканига, ҳамда миллий гвардия ходимлари бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда ўз устларида ишлашлари ва ҳуқуқий саводхонликларини доимий ошириб боришлари лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Ғолибжон Маҳаммаджанов «Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятни кучайтириш ҳамда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш омиллари» мавзусидаги маърузасида мамлакатимизда барқарор ривожланишнинг асосий омили ва шарти ҳисобланган тинчлик, хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ва бугунги мураккаб вазият юзасидан минтақавий талаблар асосида амалга оширилиши лозим бўлган ҳамда чуқур ўйланган стратегик дастур сифатида баҳоланиши лозим эканига тўхталиб ўтди.